• Манзил: Тошкент шаҳри, Навоий ко'часи, 34.

  • Боғланиш: (+99871) 244-32-93
    milliy.teatr@mail.ru

ЁДГОР САЪДИЕВ

  • 15-12-2020, 19:52
  • Rahbariyat


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХАЛҚ АРТИСТИ


 Театр ва кино актёри Ёдгор Саъдиев 1946 йилда Тошкентда туғилган. У 1971 йилда Тошкент театр ва рассомлик санъати институти (ҳозирги М.Уйғур номидаги Тошкент Давлат санъат институтининг "Театр ва кино актёри" факультетини тугатиб, шу йили Ҳамза номидаги академик драма театрига ишга қабул қилинади. Отахон театрда аввал эпизодик ролларни ўйнаб, ўзига анча ишончи ортган Ё.Саъдиев кейинчалик бирин-кетин Карл Моор (Шиллер,"Қароқчилар"), Кочкарёв (Гоголь, "Уйланиш"), Ғофур (Ҳамза, "Бой ила хизматчи"), эртакчи ("Қор маликаси"), Бадиуззамон (Уйғун ва И.Султон, "Алишер Навоий"), Бобур (П.Қодиров, "Юлдузли тунлар"), Маъмур (С.Аҳмад, "Келинлар қўзғолони") каби 60 дан ортиқ ролларни ижро этди. Театрда бир неча эсда қоларли, мукаммал образлар яратиб, кўпчиликка танила бошлаган Ё.Саъдиев кинога ҳам таклиф этилади. "Ўзбекфильм"да суратга олинган "Дилбарим"да Абдусалом, "Енгилмас"да Шайх Жаъфар, "Минорхўрлик Жўра овчи"да Тагай, "Армон"да Дада бўри, "Манжур варианти"да ("Қозоқфильм") Майор Мицуми, "Ўн уч терак кўчаси"да (Довженко номли киностудия) Олимжон, "Қизил қумлар" фильмида бош роллардан бирини ижро этади. Ё.Саъдиевнинг томошабинларга яқиндан танилишида телевидениенинг роли бениҳоя катта бўлди. "Гирдоб" ва "Ичкуёв" телевизион театридаги Йўлдош ва Ўринбой образлари актёрга катта ижодий парвоз бахш этди. "Гирдоб"даги таниқли олим Муҳиддин Жабборовичнинг жияни Йўлдош инсон ҳаётини фақат севинчлардан иборат деб тушунадиган, енгил елпи ҳаёт кечириш йўлида ҳеч нарсадан тоймайдиган одам сифатида гавдаланади. У ўзининг кўп йиллик илмий ишини рўёбга чиқара олмай, бу машаққатли йўлда катта тўсиқларга дуч келаётган ёш олим Азиз Қосимовнинг хотинига кўз олайтиради. Унинг оиласини бузиб юборишига оз қолади. Азиз Қосимовнинг илмдаги кашфиётига жиддий ғов бўлаёттан консерватор олим, қаҳри қаттиқ инсон Муҳиддин Жабборович ҳам жияниннг бу нопок ишларига чидай олмай, унинг юзига бир тарсаки туширади. Йўлдош характеридаги ана шундай нопок хусусиятлар Ё.Саъдиев ижросида ишончли тарзда ифода этилган. Ё.Саъдиевни зангори экран орқали миллионлаб телетомошабинларга яқиндан танитган ҳам Йўлдош, Ўринбой каби образлар бўлади. Шундан кейин у Ўзбекистон телевидениесида суратга олинган видеофильмлар — "Абу Али Ибн Сино"да Ибн Сино, "Алишер Навоий"да Бадиуззамон, "Сўнгги ўқ"да Жаҳонгир каби кўпгина ролларни ўйнади. Театр, кино ва телевидениеда роллар ижро этиб, актёрлик санъатини пухта эгаллаган Ё.Саъдиев режиссёрлик соҳасида ҳам фаолият кўрсатиб, театр саҳнасида "Тунги меҳмон", "Алдагани хотин яхши", "Ҳаёт — эшик ортида" каби спектаклларни саҳналаштирди. 1998 йилдан бери Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги "Қалқон" студиясига бадиий раҳбарлик қилаётган Ё.Саъдиев ёзувчи Тоҳир Маликнинг "Шайтанат" романи асосида кўп сериялик "Шайтанат" видеофильмини режиссёр сифатида суратга олди ва ўзи Асадбек ролини ижро этиб, кинода жиддий муваффақиятга эрищди. 2001 йилда "Қалқон" студиясида Ё.Саъдиев режиссёрлигида "Шайтанат" видеофильмининг 5 сериялик иккинчи қисми суратга олиниб, маданий жамоатчилик кўригига тақдим этилди. Ёдгор Саъдиевнинг 30 йиллик самарали ижодий меҳнати муносиб такдирланди. У 1989 йилда Республика Давлат мукофотига, 1998 йилда "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвонига сазовор бўлди.