• Манзил: Тошкент шаҳри, Навоий ко'часи, 34.

  • Боғланиш: (+99871) 244-32-93
    milliy.teatr@mail.ru

ИРОДА АЛИЕВА

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1929-1989)

 Ирода Алиева 1929 йилда Тошкентда туғилган. 1951 йилда А.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини битириб, Ўзбек Давлат (ҳозирги Ўзбек Миллий) академик драма театрида актриса сифатида ўз фаолиятини бошлайди. Ирода Алиева А.Поповнинг "Оила" спектаклидаги биринчи катта роли Ольга Ильинична образи биланоқ томошабинларга яқиндан танилди. Сўнгра у бирин-кетин Насиба (Абдулла Қаҳҳор, "Оғриқ тишлар"), Муқаддас (Одил Ёқубов, "Чин муҳаббат"), Ширин (Нозим Ҳикмат, "Бир севги афсонаси"), Гузин ("Туркия ҳақида ҳикоя"), Камола (Робиндранат Тагор, "Ҳалокат" романи асосида яратилган "Ганг дарёси қизи"), Марям (М.Диб, "Жазоир — менинг Ватаним") каби образларни яратиб, ўз ижодий қиёфасига эга бўлди, лирик роллар ижрочиси сифатида томошабинларга яқиндан танилди, театр санъатида ўзининг мустаҳкам ўрнини топди. Актриса 60—70 йилларда Чингиз Айтматовнинг "Сарвиқомат дилбарим" асаридаги Асал, Уйғуннинг "Парвона"сидаги Назокат образларини ижро этиб, маҳорат сирларини пухта эгаллаган, ўз мавзу ва услубига эга санъаткор сифатида шаклланиб қолганини исбот этди. У образларда биринчи навбатда қаҳрамонларнинг ақл идроки, интеллектуал бойлигини, дилбар инсоний қиёфасини аниқ ва ёрқин кўрсатишга ҳаракат қилади. Кундалик ҳаётда хушчақчақ, очиқ чеҳрали, ёқимтой, самимий ва дилбар инсон бўлган Ирода Алиева характеридаги ана шу ижобий фазилатлар у яратган образларга ҳам кўчган. Актриса яратган "Оғриқ тишлар"даги Насиба, "Чин муҳаббат"даги Муқаддас, "Бир севги афсонаси"даги Ширин, "Ганг дарёсининг қизи"даги Камола, "Жазоир — менинг Ватаним"даги Марям, "Сарвиқомат дилбарим"даги Асал, "Парвона"даги Назокат каби лирик образлар очиқ чеҳраси, ёқимтойлиги ва самимияти билан томошабинларни ўзига мафтун этган. Шунингдек, Ирода Алиева майин, ёқимли, жарангдор овозга эга актриса эди. У қатнашган спектакль, радиоспектакль, "Театр микрофон олдида" эшиттиришларида ва фильмлар дубляжида томошабин ва тингловчи Ирода Алиевани мафтункор овози орқали тезда таниб оларди. Ирода Алиева 70—80 йилларда "Ўзбекфильм" киностудиясида актриса сифатида ишлаб қатор фильмларда образлар яратди, юзлаб фильмларни ўзбек тилига ўгиришда фаол қатнашди. Шунинг учун ҳам, Ирода Алиева ижодини кино санъатисиз, радиосиз тасаввур этиш қийин. Таниқли ўзбек актрисаси Ирода Алиеванинг сермазмун ижоди муносиб такдирланди. 1967 йилда унга "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони берилди. Актриса 1989 йилда Тошкентда вафот этди.

  • Категория :
  • Дата :15-12-2020, 22:08