ЭРКЛИ МАЛИКБОЕВА
ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1928)
Эркли Маликбоева 1928 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1950 йилда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тутатган. Эркли Маликбоева 1949 йилдан бошлаб, ярим аср давр мобайнида Ҳамза номли (ҳозирги Ўзбек Миллий) академик драма театрида актриса сифатида изчил фаолият кўрсатиб келмокда. Драматург Туйғуннинг "Муҳаббат" спектаклидаги Соҳиба Эркли Маликбоеванинг саҳнада ижро этган биринчи роли бўлди. Кейинчалик у Офе¬лия (В.Шекспир, "Ҳамлет"), Бьянка ("Отелло"), Зарбинетта (Мольер, "Скапеннинг найранглари"), Унсин (Ойбек, "Қутлуғ қон"), Умеш (Р.Тагор, "Ганг дарёсининг қизи"), Соня (А.Лехов, "Ваня тоға") сингари бир-биридан мазмундор образларни саҳнага олиб чиқиб томошабинлар эътиборини қозонди. Эркли Маликбоева ўз изтиробини, дардини ички бир қуч билан ифода эта оладиган, томошабин қалбига ларза сола оладиган ва унинг диққатини доимо ўзига тортиб тура оладиган актрисадир. Психологик теранлик, қаҳрамоннинг ҳис-туйғуларини, ички ҳолатини усталик билан томошабинга етказиш, кучли драматизм унинг ижодида муҳим ўрин тутади. Бу хусусиятлар актрисанинг аксарият ролларида ярқ этиб кўзга ташланади. Бу жиҳатдан актриса яратган Ойша (И.Султон, "Имон"), Полина (М.Горький, "Душман"), Сильвия (С.Азимов, "Замой драмаси"), Елизаветга (Шиллер, "Ма¬рия Стюарт"), Галина (Ў.Умарбеков, "Қиёмат қарз"), Сотти (С.Аҳмад, "Келинлар қўзғолони"), раис ("Куёв"), Турсина (А.Островский, "Ҳар тўкисда бир айб"), она (Васильев, "Рўйхатларда йўқ") образлари алоҳида ажралиб туради. "Ганг дарёсининг қизи" спектаклида актриса Умеш ролини ижро этгач, истевдодининг яна бир қирраси очилди. Шундан кейин, "Жазоир менинг Ватаним", "Чол ва денгиз" асарларида ҳам ўғил болалар образларини яратди. Актриса кўп йиллар Ўзбекистон Радиосида тайёрланган радиопостановка, радиоспектаклларда эсда қоларли образлар яратди. "Табассум" радиожурналида фаол иштирок этди. "Табассум" радиожурналини аввал Ўзбекистон халқ артисти Наби Раҳимов ва Амин Турдиевлар олиб борганлар. Бироз вақт ўтгач "Табассум"га Ўзбекистон халқ артистлари Эркли Маликбоева ва Тўлқин Тожиевлар қўшиладилар. "Табассум"ни минглаб радиотингловчилар қатори биз ҳам мароқ билан эшитиб, эстетик завқ олган пайтларимиз ҳамон ёдимизда. Худди театрда бўлганидек, ра¬диода ижро этган ролларида ҳам Эркли Маликбоеванинг фақат ўзига хос овози, маҳорати сезилиб туради. Актриса "Ўзбекфильм" киностудиясида кўплаб фильмларни ўзбек тилига дубляж қилишда ҳам иштирок этди. Айниқса, у Н.Румянцева, Т.Доронина каби рус актрисалари яратган образларга муваффақиятли овоз берди. Эркли Маликбоеванинг сермазмун ижодий фаолияти муносиб тақдирланди. 1971 йилда унга "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони берилди.