• Манзил: Тошкент шаҳри, Навоий ко'часи, 34.

  • Боғланиш: (+99871) 244-32-93
    milliy.teatr@mail.ru

ЗИКИР МУХАММАДЖОНОВ

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1921-2012)

 Таниқли театр ва кино актёри Зикир Муҳаммаджонов 1921 йилда Тошкентда туғилган. 1951 йилда ишдан ажралмаган ҳолда А.Н. Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган. Зикир Муҳаммаджонов 1943 йилдан бери Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат (ҳозирги Ўзбек миллий) академик драма театрида актёр си¬фатида фаолият кўрсатиб келмокда. М. Шайхзоданинг "Жалолиддин" спектаклидаги Темур Малик З.Муҳаммаджоновнинг театрдаги биринчи роли бўлди. Шундан бери у Ҳамза театрида саҳналаштирилган жуда кўп спектаклларда бош ролларни ижро этди. Фердинанд (Ф. Шиллер, "Макр ва муҳаббат"), Бенволио (В. Шекспир, "Ромео ва Жульетга"), Гора¬цио (В. Шекспир, "Ҳамлет"), Деҳқонбой (А Қаҳҳор, "Шоҳи сўзана"), Фурқат (Б. Авезов, Т.Хўжаев "Фурқат"), Абдуллатиф (М. Шайхзода, "Мирзо Улуғбек"), Ориф (И. Султон, "Имон"), Синтаро (М. Каору, "Ўғирланган умр"), Самандар (А.Мухтор, "Самандар"), Беруний (Уйғун, "Абу Райҳон Беруний"), Шокир ака (У. Умарбеков, "Кузнинг биринчи куни") ва бошқа образлар З.Муҳаммаджоновнинг театр санъатидаги кўп йиллик самарали ижодий меҳнатининг маҳсулидир. Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро каби буюк тарихий шахслар сиймоларини яратиш актёр ижодида алоҳида ўрин тутади. Турли даврларда яшаган, турли мафкура ва дунёқарашга эга бўлган Фурқат ва Ҳамза, Й.Охунбобоев ва генерал С.Раҳимов образларини яратиш, В.Шекспир, Ф.Шиллер асарларидаги бош ролларини ижро этиш З.Муҳаммаджоновнинг катта салоҳият ва иқтидорга эга бўлган актёр эканининг ёрқин далилидир. "Навоий, Улуғбек, Беруний, Фурқат каби эл севган инсонлар сиймоларини театрда, кинода яратиш бахтига муяссар бўлганимдан фахрланаман,— дейди З.Муҳаммаджонов — Айниқса, Навоий образи мени кўпроқ мафтун қилган. Қалб қўримни, юрак тафтимни бериб ишлаганман бу роль устида". З.Муҳаммаджонов ўзбек саҳнасида Шукур Бурҳоновдан кейин таниқли давлат арбоблари образини гавдалантиришга киришган актёр ҳисобланади. У ўз йўли, ўз йўналиши ва ўз актёрлик иқтидорига таянган ҳолда бу улкан ишни муваффақият билан бажаради. Дунёқараши чуқур, қизиқиш доираси кенг, ўзбек санъатида ўз ўрни ва овозига эга бўлган санъаткор узоқ йиллардан бери кино санъатида ҳам фаол иштирок этиб, Мақсуд (И.Сул¬тон, З.Собитов "Фидоий"), профессор Каримов (Х.Файзиев, "Кониот ғорининг сири"), Собир Раҳимов (К.Яшин, З.Со¬битов "Генерал Раҳимов"), Мирзо Раҳматулла (М.Мелкумов, К.Ёрматов "Қора консулнинг ҳалокати"), Баҳром (А.Ҳамроев, "Дилором"), Аҳмедов (У.Назаров, "Қўқон воқеаси") каби эсда қоларли образларни яратди. "Ўзбекфильм" киностудиясида дубляж қилинган талай фильмларга овоз берди. Сўнгги ўн-ўн беш йилда Ўзбекистон телевидениесида таниқли ўзбек ёзувчиларининг асарлари асосида ўнлаб машҳур видеофильмлар дунёга келди ва Зикир Муҳаммаджонов уларнинг кўпчилигида бош ролларни ижро этди. "Навоий" видеофильмидаги Ҳусайн Бойқаро, "Улуғбек хазинаси"даги Мир¬зо Улуғбек, "Имон"даги профессор Комилов, "Бобур"даги Хондамир ва бошқа образлар актёрлик санъатининг бебаҳо намуналари бўлдилар. Актёр республика радиосида тайёрланган радиоспектакль ва постановкаларнинг кўпчилигида асосий ролларни ижро этди. З.Муҳаммаджонов кўп йиллардан бери ўзбек театр ва кино санъатининг муҳим назарий ва амалий муаммоларини матбуотда дадил кўтариб чиқмоқда. "Театр ва режиссёр", "Театр ва актёр", "Театр ва замонавийлик" мавзусида, М.Уйғур, Л.Caримсоқова, Р.Ҳамроев, А.Ҳидоятов, О. Жалилов, Ҳ. Лати¬пов, Ғ.Аъзамов, О.Хўжаев, А.Бакиров, Н.Раҳимов, А.Исматов, М.Қориева ва бошқа таниқли санъаткорлар тўғрисида ижодий портретлар, мақолалар эълон қидди. "Таъзим", "Ўзим кўрган билганларим" китобларини яратиб, телевидение ва радио орқали намойиш этилган кўрсатув ҳамда эшиттиришларда, театр арбобларига бағишланган кечаларда фаол қатнашиб, ўзбек санъати равнақига ҳам амалий, ҳам назарий жиҳатдан ўз ҳиссасини қўшди. Санъаткор Катта Фарғона канали, Фарҳод ГЭСи қурилишларида маданий хизмат қилди. У мамлакатимизнинг кўпчилик шаҳар ва қишлоқларида, ташкилот ва муассасаларда, олий ўқув юртлари ва мактабларда учрашувлар ўтказди. З.Муҳаммаджонов дунё кўрган санъаткор. У АҚШ, Испа¬ния, Англия, Туркия, Кипр, Венгрия, Польша, Чехия, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Малайзия, Болтиқбўйи давлатларида бўлган. У Ўзбекистон театр жамиятини (ҳозирги театр ижодкорлари уюшмасини) бошқарган. Таниқли ўзбек театр ва кино актёри З.Муҳаммаджонов "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони, Давлат мукофотлари би¬лан такдирланган. "Буюк хизматлари учун" ва "Дўстлик" орденлари билан мукофотланган.

  • Категория :
  • Дата :15-12-2020, 21:57