ИКРОМА БОЛТАЕВА
ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1916-1993)
Ўзбек актрисаси Икрома Болтаева 1916 йилда Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида туғилган. Ёшлигида болалар уйида тарбияланган Икрома Болтаева аввал Педагогика билим юртида, сўнгра Тошкент театр техникумида таълим олади. Икрома Болтаева 1932 йилда Қашқадарё вилоят театрида илк бор В.Ян ва Чўлпоннинг "Ҳужум" спектаклида Турсуной ролини ижро этади. Сўнгра у 1934—1945 йилларда Самарканд вилоят театрида ишлаб, Жамила (Ҳамза, "Бой ила хизматчи"), Майсара ("Майсаранинг иши"), Мильфордхоним (Ф.Шиллер, "Макр ва муҳаббат") каби бош ролларни ўйнайди. Икрома Болтаева 1946 йилда Тошкентга кўчиб келиб, то умрининг охиригача Ҳамза номли (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма) театрида етакчи актрисалардан бири сифа¬тида фаолият кўрсатди. Актриса маҳоратининг такомиллашувида Маннон Уйғур, Етим Бобожоновларнинг хизмати катта бўлган. Порция (В.Шекспир, "Юлий Цезарь"), Варвара (А.Островский, "Момақалдироқ"), Ҳафиза (А.Қаҳҳор, "Шоҳи сўзана"), Шакарбуви ("Аяжонларим"), Марҳамат (Уйғун, "Парвона") каби қатор етук образлар Икрома Болтаеванинг Ҳамза театридаги салкам ярим асрлик ижодий меҳнатининг сара маҳсулларидир. Актриса ижросидаги "Шоҳи сўзана" комедиясидаги Салтанат образи жозибали, шўх, ҳазилкаш, ишчан замондошларимизнинг типик вакили бўлса, "Парвона" спектаклидаги Марҳамат эса меҳнатсевар, ҳалол, ўз оиласига садоқатли, хушчақчақ, самимий оқила аёлдир. Икрома Болтаева яратган образлар қувноқ, шўх, ҳазил-мутойибага бой, ҳаётни севган ва унга меҳр қўйган дилбар инсонлардир. Ўткир ҳажв ва юмор актриса ижодининг асосий йўналишини белгилайди. Икрома Болтаева "Ўзбекфильм" киностудиясида яратилган фильмларда ҳам суратта тушган. Ш.Аббосовнинг "Маҳаллада дув дув гап" фильмидаги якка-ягона гўзал қизи Сайёранинг бахти саодатини дил-дилидан истайдиган, шу орзу-умид билан яшаётган самимий ва меҳрибон она Ҳалима образи актриса ижросида жуда ёқимли ва ҳаётий бир тарзда талқин этилган. Икрома Болтаева жамоат ишларида ҳам фаол эди. У узоқ йиллар Ҳамза номли театр касаба уюшмасининг раиси сифа¬тида ҳалол меҳнат қилди. Икрома Болтаеванинг ижодий меҳнати муносиб такдирланди. У 1956 йилда "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони билан мукофотланди. Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлди. Икрома Болтаева 1993 йилда Тошкентда вафот этди.