• Манзил: Тошкент шаҳри, Навоий ко'часи, 34.

  • Боғланиш: (+99871) 244-32-93
    milliy.teatr@mail.ru

ЕТИМ БОБОЖОНОВ

ЎЗБЕКИСТОН ХАҚЛ АРТИСТИ
(1904-1956)
 Таниқли ўзбек актёри ва режиссёри Етим Бобожонов 1904 йилда Тошкентда туғилган. У Тошкентда театр труппасида ўз меҳнат фаолиятини бошлаган. Е.Бобожонов 1924-1927 йилларда Ҳамза номли театрнинг Маннон Уйғур бошчилигидаги бир гуруҳ актёрлари билан Москвадаги ўзбек драма студиясида таҳсил олади. Ўқишни тугатгач, Ҳамза театрида актёрлик ва режиссёрлик қилади. У Тарталья (К.Гоцци, "Маликаи Турандот"), Бригелла (К.Гольдони, "Икки бойга бир малай"), шаҳар ҳокими (Гоголь, "Ревизор") ва бошқа ролларни ижро этиб, актёр сифатида аста-секин томошабинларга танила боради. Кейинчалик режиссёрликка кўл уради. Режиссёрлик фаолиятини Бухоро театрида бошлаб, ўзбек драматургларининг бир неча асарларини саҳнага қўяди. Е.Бобожонов 1934 йилда Ҳамза номли театрда К.Яшиннинг "Тор-мор" асарини муваффақиятли саҳналаштиради. Сўнгра бирин-кетин Шиллернинг "Макр ва муҳаббат", Ҳамзанинг "Бой ила хизматчи", К.Яшин ва А.Умарийнинг "Ҳамза", К.Яшиннинг "Генерал Раҳимов" каби асарларни саҳналаштириб маданий жамоатчиликнинг назарига тушади. Е.Бобожоновнинг режиссёрлик фаолиятида "Бой ила хиз¬матчи" спектакли алоҳида ўрин тутади. 60-йилдан бери саҳнадан тушмай келган бу классик асар томошабинларга эсте¬тик завқ бағишлади. У саҳнага қўйган спектакллари ва ижро этган ролларида халқ ҳаётини аниқ ва ишончли тарзда акс эттирди, қахрамонлар психологиясини чуқур очиб бера олди. Санъаткор кинода ҳам суратга тушиб, "Қасам" фильмида бой ролини ўйнади. Е.Бобожонов республикамиздаги бир нечта театрларга ижодий кўмак берган. 1943—1946 йилларда Янгийўл ва 1946— 1948 йилларда Тошсовет театрларида бадиий раҳбар бўлиб ишлаб, С.Абдулланинг "Тоҳир ва Зуҳра", Ҳ.Олимжоннинг "Муқанна", В.Виткович ва Ғ.Ғуломнинг "Хўжа Насриддин", К.Яшиннинг "Офтобхон" спектаклларини саҳнага қўяди. Шукур Бурҳонов, Олим Хўжаев, Сора Эшонтўраева, Наби Раҳимов, Маҳмуджон Ғофуров, Абдурауф Болтаев, Фароғат Раҳматова каби театр актёрларининг етишиб чиқишида ва санъатда ўз ўринларини топишида Е.Бобожоновнинг хизматлари каттадир. Актёрлик, режиссёрлик ва педагогликни бақамти олиб борган Е.Бобожонов 1950—1956 йилларда Тошкент театр ва рассомлик санъати института (ҳозирги М.Уйғур номидаги Тошкент санъат институти)да ўқитувчилик қилиб, ёш истеъдодли актёрларни тарбиялашда кўп меҳнат сарфлайди. Етим Бобожоновнинг ўзбек театр санъати равнақидаги хизматлари муносиб тақдирланди. 1943 йилда унга "Ўзбекистон халқ артисти" унвони берилди. Етим Бобожонов 1956 йилда Тошкентда вафот этди. Етим Бобожонов саҳналаштирувчи режиссёр, республи¬камиздаги бир нечта театрлар ижодий фаолиятини яхшилашга кўмак берган бадиий раҳбар, ташкилотчи сифатида ўзбек театр санъати тарихида ўз муносиб ўрнига эгадир.

  • Категория :
  • Дата :16-12-2020, 15:13