• Манзил: Тошкент шаҳри, Навоий ко'часи, 34.

  • Боғланиш: (+99871) 244-32-93
    milliy.teatr@mail.ru

ЁКУБ АХМЕДОВ



ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ

    Ёқуб Аҳмедов 3 январь 1938 йилда Наманган шаҳрида таваллуд топган. 1958 йилдан бери Ўзбек Миллий академик драма театрида ишлаб келмоқда. Истеъдодли театр ва кино актёри Ёқуб Аҳмедов Тошкент Театр ва рассомчилик институтини режиссёрлик факультетига ўқишга қабул қилинди. 1958 йили Ўзбек Миллий академик драма театрига актёр лавозимига ишга қабул қилинади. 1993 йилдан 2013 йилгача шу театрнинг директори сифатида фаолият кўрсатиб келди.
   Ёқуб Ахмедов узоқ йиллар шу ижодий жамоада ишлаш жараёнида элликдан ортиқ спектаклларда асосий ролларни ўйнади. У дастлаб Уйғуннинг "Парвона” асари асосида сахналаштирилган спектаклда Муроджон образини ижро этди. У яратган Уйғун ва И.Султоннинг "Алишер Навоий” спектаклида Алишер образи, И.Султоннинг "Абдулла Қодирийнинг ўтган кунлари” Юсуфбек хожи образини, Уйғуннинг "Зебуннисо”сида Шохжахон образини, В.Шекспирнинг "Отелло”сида Отелло образи, П.Қодировнинг "Юлдузли тунлар”ида Бобур образи, Уйғуннинг "Абу Райҳон Беруний”сида Беруний образлари ва бошқалар. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.
    Ёқуб Аҳмедов ўзи яратган образларнинг ички дунёсини, ўзига хос хусусиятларини кўз қарашлар, имо-ишораларда, юриш-туриш орқали ёрқин, аниқ оча оладиган мохир актёрлардандир. Унинг фақатгина ўзигагина хос овози, сўзлаш санъати бор.
    Ёқуб Ахмедовнинг овози хеч кимни бефарқ қолдирмайди. Абу Райхон Беруний, Алишер Навоий, Бобур, Фурқат, Али Қушчи, Абай каби ўтмишда ўтган буюк зотлар, олиму-фозил кишилар, шоири замонлар образларини яратиш Ёқуб Ахмедовга насиб этган.
    Ёқуб Ахмедовни кенг санъат мухлисларига илк бор танитган образи Туроб Тўланинг "Фурқат” бадиий фильмидаги Фурқат образи бўлди. Шундан кейин Ёқуб Ахмедов элликка яқин образлар яратди. Шунингдек "Ўзбекфильм” киностудиясида дубляж қилинган бешюздан ортиқ фильмларга овоз берди. Ёқуб Ахмедов "Ўзбектелефильм” ижодкорлари яратган "Алишер Навоий”, "Улуғбек хазинаси”, "Диёнат”, "Гирдоб”, "Ичкуёв” ва бошқа видеофильмларда хам етакчи ролларни ижро этди. Актёр Ўзбекистон радиосида тайёрланган қатор радиоспектаклларда фаол қатнашди, айниқса унинг "Ғазалхонлик” эшиттиришидаги чиқишлари, ўзбек адабиёти намояндаларининг ўлмас ғазалларини ажойиб овози билан ёқимли тарзда ўқиши, Юнесконинг Буюк ипак йўли асосида яратилган "Ҳар дарднинг давоси бор” радиопостановкаси тингловчиларини мафтун этиб келмоқда. Ёқуб Аҳмедов театрнинг ҳақиқий устози, ижодий ва ташкилий ишларнинг илҳомчиси. Театрда ишлайдиган ҳар бир ижодий ходимнинг маслаҳатчиси – меҳрибон инсон.
    Ёқуб Ахмедов Ўзбекистон халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори, "ДЎСТЛИК" ордени ва "МЕҲНАТ-ШУҲРАТИ" ордени каби мукофотлар билан тақдирланган.

  • Категория :
  • Дата :15-12-2020, 21:13