ПЎЛАТ САИДКОСИМОВ

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1931)
Истеъдодли театр ва кино актё¬ри Пўлат Саидқосимов 1931 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. А.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган. Ижодий фаолиятини 50 йилларда Ҳамза номидаги отахон театр (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театрида бошлаган. Одил Ёқубовнинг илк саҳна асари асосида яратилган "Олма гуллаганда" спектаклидаги Машраб актёрнинг дастлабки мустақил ролларидан бири ҳисобланади. Катта ихлос ва меҳр билан ижро этилган бу ролда актёр ёш агроном олимнинг ўз кашфиётини рўёбга чиқариш борасидаги қийинчиликлари, ички кечинмаларини ишонарли ифода этди. Биринчи муваффақиятдан руҳланган Пўлат Саидқосимов театрда саҳналаштирилган асосий спектаклларда бош ролларни ижро этиб, санъат оламида ўз ижодий ўрнини топди, маданий жамоатчиликнинг эътиборини қозонди. Шу ўринда у ярат¬ган Абдуллатиф ("Мирзо Улуғбек"), Герцог ("Ҳамлет"), Илёс ("Сарвиқомат дилбарим"), Каримжон ("Аяжонларим"), Салимбойвачча ("Қутлуғ қон"), Қосимбек ("Юлдузли тунлар"), Аврангзеб ("Зебуннисо") каби образларни эслаш жоиздир. Серқирра ижод соҳиби Пўлат Саидқосимов ижодини кино санъатисиз тасаввур этиш қийин. Унинг "Ўзбекфильм" киностудиясида суратга олинган "Абу Райҳон Беруний", "Ҳамза", "Муҳаббат можароси", "Илондан сақланинг", "Тонг отгунча", "Отамдан қолган далалар" каби бадиий фильмларда яратган етук, тўлақонли образлари катта эътиборга моликдир. "Абу Райҳон Беруний" бадиий фильмидаги Беруний об¬рази кинода актер яратган образларнинг гултожи ҳисобланада Пўлат Саидқосимов ҳаётда бир сўзли, ваъдасига вафо қиладиган инсон. Бу ҳақда унинг ўзи шундай дейди: "Табиатан дангалчиман, бўладиган гапни яхши кўраман, майда-чуйда ғийбатлардан нафратланаман. Хушомадга тоқатим йўқ, ҳасадгўй, ёлғончи одамларни ёмон кўраман". Актёр характеридаги шу фазилатлар у яратган образларга ҳам кўчган. Бу айниқса, Одил Ёқубовнинг "Диёнат" романи асосида сурат¬га олинган видеофильмдаги Отақўзи образида ярқ этиб кўзга ташланади. Видеофильмни томоша қилар эканмиз, ўз сўзида қаттиқ турадиган, адолатсизликка чидай олмайдиган, чапани, чапдаст Отақўзи худди Пўлат Саидқосимов ижросига атаб ёзилгандек туюлади. Отақўзи образи актёр ижодида муҳим аҳамиятга эга бўлди. П.Саидқосимов яратган "Қутлуғ қон" видеофильмидаги Мирзакаримбой, "Улуғбек хазинаси" видеофильмидаги Абдуллатиф каби образлар ҳақида ҳам фақат илиқ фикрларни айтиш мумкин. Китоб нашрга тайёрланаётган даврда таваллуд топган кунининг 70 йиллигини нишонлаётган, ҳамон ижодий изланишда бўлган Пўлат Саидқосимовнинг серқирра ва сермазмун ижоди муносиб такдирланди. У "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвонига сазовор бўлди. Мустақиллигимизнинг 10 йиллиги муносабата билан эса "Эл-юрт ҳурмата" ордени билан мукофотланди.