МУХАББАТ ЙЎЛДОШЕВА

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1923)
Муҳаббат Йўлдошева 1923 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Актёрлик фаолиятини 1939 йилдан бошлаган, ўшанда актриса "Қамар" спектаклидаги Қамар ролини ижро этган эди. М.Йўлдошева 1939 йилдан Й.Охунбобоев номидаги Ёш томо¬шабинлар театрида актриса сифати¬да ўз фаолиятани бошлаб, ярим аср давомида бу ерда 500дан ортиқ катта-кичик образлар яратди. Ульяна Громова (А.Фадеев, "Ёш гвардия"), Орзигул ва Паризод (Зулфия, С.Сомова, "Семурғ"), Люса (В.Розов, "Қизнинг дўстлари"), Холниса (А.Қаҳҳор, "Шоҳи сўзана"), Кимсан хола (А.Раҳмат, "Абдулла Набиев"), Ситора (И.Султон, "Донишманднинг ёшлиги") ва бошқа образлар актрисанинг кўп йиллик сермаҳсул ижоди самарасидир. Муҳаббат Йўлдошевада қаҳрамоннинг руҳий ҳолатига кира олиш қобилияти кучли, бу ижодкорга тинимсиз изланиш, ҳаётни синчковлик билан кузатиш хосдир. М.Йўлдошева А.Фадеевнинг "Ёш гвардия" асари асосида тайёрланган спектаклдаги Ульяна Громова образида немисфашист босқинчиларига қарши курашда қаҳрамонлик ва жасорат кўрсатган мард, қўрқмас қизнинг характерини ишончли тарзда кўрсатган. И.Султоннинг "Донишманднинг ёшлиги" пьесасидаги Ситора эса буюк олим Абу Али Ибн Синонинг онасидир, асарда у ўғлининг фандаги кашфиётларига кўмакдош, меҳрибон она сифатида гавдаланади. Ситора характеридаги вазминликни, чин самимийлик ва катта ақл-заковатни М.Йўлдошева аниқ акс эттира олган. М.Йўлдошева Ўзбекистон телевидениесида ишланган спектакль ва фильмларда ҳам фаол қатнашиб, бир қанча рол¬ларни муваффақиятли равишда ижро этди. "Қисмат"даги Она, "Ҳожи Афанди уйланди "даги Фотима, "Қайнона"даги Мулойим хола, "Ўкинч"даги Она ва бошқа спектакллардаги ажойиб образлар ҳамда республика радиосида тайёрланган ўнлаб радиоспектакллардаги роллар актриса ижодида муҳим ўрин тутади. Умуман М.Йўлдошева ижодини радио ва телевидениесиз тасаввур этиш қийин Муҳаббат Йўлдошевага 1964 йилда "Халқ маорифи аълочиси", 1969 йилда "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони берилди. У 1997 йилда "Меҳнат шуҳрати" ордени билан мукофотланди.