САБОХОН КАРИМОВА

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1917-1988)
Сабохон Каримова 1917 йилда Қўқонда туғилган. У актёрлик фаолиятини 1932 йилда Ҳамза номидаги Қўқон ўзбек мусиқали драма театрида бошлаган. Анорхон (Комил Яшин, "Ўртоқлар"), Адельма (К.Гоцци, "Маликаи Турандот") лар ёш актрисанинг саҳнада яратган биринчи образлари бўлди. Сабохон Каримова ўз устида ишлаш, ижодий изланиш натажасида Қўқон театрида саҳналаштирилган асосий спектакллардаги бош ролларини муваффақиятли равишда ижро этиб, санъатда ўз ўрнини топди, томошабинлар меҳрини қозонди. У яратган Жамила (Ҳамза, "Бой ила хизматчи"), Ҳалима (Ғ. Зафарий, "Ҳалима"), Онахон (К.Яшин, "Номус ва муҳаббат"), Офтобхон ("Офтобхон"), Ширин (Хуршид, "Фарҳод ва Ширин"), Лайли ("Лайли ва Мажнун"), Қумрихонлар (А.Қаҳҳор, "Оғриқ тишлар") фақат актриса ижодидагина эмас, балки Қўқон театри фаолиятида ҳам муҳим аҳамиятига эга бўлди. Бу образларни яратиш жараёнида Сабохон Ка¬римова ҳам драматик, ҳам комик ва музикали драматик рол¬ларни ҳам муваффақиятли ижро эта олиш қобилиятига эга эканлигини намойиш этди. Сабохон Каримова 40—50 йилларда режиссёр сифатида ҳам фаолият кўрсатиб, Қўқон театрида 1946 йилда Уйғуннинг "Қалтис ҳазил", К.Яшиннинг "Гулсара" ва 1956 йилда "Нурхон" асарларини саҳнага қўйди. Актриса 1958 йилдан бошлаб Ҳамза номидаги Ўзбек Дав¬лат академик театрига ишга ўтади. Вилоят театрида ўсиб улғайган ижодкорнинг элга машҳур отахон театрда ишлаши катта маҳорат мактаби вазифасини ўтади. Бу театрда у Нетайхон (А.Қаҳҳор, "Тобутдан товуш"), Дилбар (Р.Бобожон, "Тоға жиянлар"), Ҳуриниса (Э.Воҳидов, "Олтин девор") образларини яратиб, комик ролларни ўйнашда ҳам анча моҳир экан¬лигини исбот этди. Сабохон Каримова яратган бу комик об¬разлар ўзларининг самийлиги, соддадиллиги, тўғрилиги билан алоҳида ажралиб туради. Умуман, ўзбек аёлларининг ўзига хос нафосати, одоби, ибоси Сабохон Каримова яратган образларда ўзининг жонли ва ёрқин ифодасини топган. Ўзбек актрисаси Сабохон Каримованинг ижоди муносиб такдирланди. 1951 йилда унга "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони берилди. Сабохон Каримова 1988 йилда Тошкентда вафот этди.