• Манзил: Тошкент шаҳри, Навоий ко'часи, 34.

  • Боғланиш: (+99871) 244-32-93
    milliy.teatr@mail.ru

БАДАЛ НУРМУХАМЕДОВ

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1913-1991)

 Й.Охунбобоев номидаги Ёш томошабинлар театри актёри Бадал Нурмуҳамедов 1913 йилда Тошкентда туғилган. 1935—1937 йилларда "Ўзбекфильм" кино фабрикаси қошидаги кинорежиссёр, киноактёр ва кинооператорлар тайёрлов студиясининг икки йиллик курсларида ўқиган. 1941 йилда Москвадаги С.Образцов номидаги театрда малакасини оширган. Б. Нурмуҳамедов 1933 йилда Ишчи-ёшлар театрида ўз ижо¬дий фаолиятини бошлаган. 1937—1938 йилларда "Ўзбекфильм" кино фабрикасида актёр, 1938—1941 йилларда Тошкент қўғирчоқ театрида режиссёр ва қўғирчоқбоз-актёр, 1941—1948 йил¬ларда Муқимий номидаги мусиқали драма театрида актёр си¬фатида ишлаган. Муқимий театрида Лутфихоним Саримсоқова, Маҳмуджон Ғофуров, Раззоқ Ҳамроев каби саньаткорлар билан ишлаш, театрда саҳналаштирилган қатор спектаклларда роллар ижро этиш, ўз устида ишлаш, ижодий изланиш унинг актёр сифатида шаклланишида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Б.Нурмуҳамедов 1948 йилдан бошлаб қирқ уч йил давомида Й.Охунбобоев номидаги Республика Ёш томошабинлар театрида қизғин фаолият кўрсатиб, юздан ортиқ катта-кичик образлар яратди. "Қор маликаси"даги Эртакчи, "Семурғ"даги Бунёд, "Алёша Пешков" даги Яков тоға, "Ёш гвардия"даги генерал, "Алибобо"даги Қароқчи Ҳасан, "Абдулла Набиев"даги Й.Охунбобоев, "Тошкент — нон шаҳри"даги Ёзувчи, "Абай — эл фарзанди"даги Суюндиқ, "Уч мушкетёр"даги Кардинал Ришелье, "Буратино"даги Карло ота, "Аму қаҳрамонлари"даги Қора мўйлов, "Жангчининг ўғли"даги Эргаш ота, "Оқкема"даги Мўмин ота, "Оила"даги Черненко, "Пав¬лик Морозов"даги Потапчук каби образлар актёрнинг Ёш томошабинлар театридаги салкам ярим асрлик ижодий меҳнатининг маҳсулидир. Бадал Нурмуҳамедов яратган образлар ҳаётийлиги, табиийлиги ва самимийлиги билан алоҳида ажралиб туради. Унинг учун ролнинг катта-кичиги йўқ. Шунинг учун ҳам актёр ҳар қандай ролни ўйнашда жуда катта маъсулият билан ёндошиб, уни маромига етказиб ижро этишга ҳаракат қилади. Бу ҳолатни, айниқса, Б.Нурмуҳамедовнинг кинофильмларда ижро этган эпизодик роллари талқинида янада ёрқинроқ кўриш мумкин. Бу жиҳатдан у яратган "Алишер Навоий"даги Домла, "Комила"даги Қоровул, "Ўтган кунлар" даги Исёнкор темирчи, "Ойнинг қоронғу тарафи"даги Раис каби образлар ибратлидир. "Ўзбекфильм" киностудиясида бадиий фильмларни ўзбек тилига дубляж қилишда ҳам Б.Нурмуҳамедов узоқ йиллар катта садоқат ва меҳр билан ишлади. Ўзбекистон телевидениесида тайёрланган телеспектаклларда фаол қатнашди, "Етим"да Қози, "Қисмат"да Ота, "Афандининг беш хотини"да Афанди ва бошқа ролларни ўйнаб, кенг маданий жамоатчиликка яқиндан танилди.1978 йилдан бошлаб эса у телетомошабинлар севиб томоша қиладиган "Оталар сўзи — ақлнинг кўзи" кўрсатувини олиб борди. Б.Нурмуҳамедовнинг кўп йиллик самарали ижодий меҳнати муносиб баҳоланди. У 1990 йилда "Ўзбекистон халқ артисти" ва "Халқ маорифи аълочиси" унвонларига сазовор бўлди. Бадал Нурмуҳамедов 1991 йилда Тошкентда вафот этди.

  • Категория :
  • Дата :7-11-2015, 13:00