• Манзил: Тошкент шаҳри, Навоий ко'часи, 34.

  • Боғланиш: (+99871) 244-32-93
    milliy.teatr@mail.ru

ЗАЙНАБ САДРИЕВА

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1912-1991) 

Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театрининг етакчи актрисаси Зайнаб Садриева 1912 йилда Астрахан шаҳрида туғилган. У ўз ижодий фаолиятини 1929 йилда Ишчи-сайёр труппасида бошлаган. 1932 йилдан то умрининг охиригача Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат (ҳозирги Ўзбек Миллий) академик драма театрининг етакчи актрисаларидан бири сифа¬тида хизмат қилди, ўнлаб ўлмас образлар яратиб, ўзбек театр санъатининг равнақига муносиб ҳисса қўшди. Турли йиллар¬да яратилган Мильфордхоним (Ф.Шиллер, "Макр ва муҳаббат"), Пошшаойим ва Ҳожи она (Ҳамза, "Бой ила хизматчи"), Холниса (А.Қаҳҳор, "Шоҳи сўзана"), Зайнаб (М.Диб, "Жазоир—менинг ватаним"), Танга бека (М.Карим, "Ой тутилган тунда”), Марина Иванова (Ў.Умарбеков, "Комис¬сия"), Фручикина, Глафира (А.Островский, "Айбсиз айбдорлар"), ("Сўнгги қурбон"), Васса Железнова (М.Горький, "Васса Железнова") каби мураккаб ва кучли драматик об¬разлар Зайнаб Садриева ижодида алоҳида ўрин тутади. З.Садриева иродаси мустаҳкам, қаттиққўл, ҳақгўй, адолатсизлик ва зулмга қарши курашувчи мард, қўрқмас, жасур аёллар образини яратишга моҳир санъаткор эди. Ҳаётининг сўнгги йилларида ижро этган Сайд Аҳмаднинг "Келинлар кўзғолони", "Куёв" комедияларидаги оналар образи фақат актриса ижодидагина эмас, балки ўзбек театр санъатида ҳам муҳим воқеа бўлди. Бу образларда у истеъдодининг ноёб қирраларини ёрқин намоён этди. Бу икки образ Зайнаб Садриевага жуда катта шуҳрат келтирди. З.Садриева "Ўзбекфильм" киностудиясида суратга олин¬ган бир қатор фильмларда суратга тушиб, ажойиб образлар яратди. 1982 йилда кинорежиссёр МАбзалов Р.Муҳаммаджонов сценарийси асосида "Суюнчи" бадиий фильмини суратга олади. Фильмдаги бош қаҳрамон Она образи З.Садриева ижросида ниҳоятда ҳаётий, жонли чиққан. У— ҳақиқий миллий характер. Она бутун онгли ҳаётини фарзандлари, набиралари ва қишлоқ ёшлари тарбиясига бағишлаган меҳнатсевар ўзбек оналарининг типик вакилидир. Бироқ, ёши улғайиб, қариб қолган пайтида унинг гапи ҳеч кимга ёқмай қолади. Бу муштипар ва меҳнатсевар онанинг маънавий драмасидир, ушбу ҳолатни актриса ниҳоятда ишончли тарзда кўрсата олган. З.Садриеванинг театр ва кинода яратган образлари республика ва чет эл матбуотида ижобий баҳоланди. Чунончи, АҚШ да нашр этиладиган "Верете" киножурналида эълон қилинган мақолада ўзбек киносида пайдо бўлаётган миллий руҳдаги фильмлар мамнуният билан қайд этилиб, "Суюнчи" бадиий фильмига ҳам юқори баҳо берилади. Фильмдаги она ролини ижро этган З.Садриеванинг актёрлик маҳорати ижобий баҳоланади. Истеъдодли санъаткор З.Садриеванинг хизматлари муносиб тақдирланган. 1952 йилда у "Ўзбекистон халқ артисти" унвонига, кейинчалик Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлган эди. Зайнаб Садриева 1991 йилда Тошкентда вафот этди.

  • Категория :
  • Дата :7-11-2015, 12:59