• Манзил: Тошкент шаҳри, Навоий ко'часи, 34.

  • Боғланиш: (+99871) 244-32-93
    milliy.teatr@mail.ru

ЖЎРА ТОЖИЕВ

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1911-1995)

 Таниқли ўзбек актёри Жўра Тожиев 1911 йилда Тошкентда туғилган. Ижодий фаолиятини 1928 йилда Ёш томошабинлар театрида бошлаган. 1930 йилдан эса Ҳамза театри (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри)га ишга ўтади ва ярим асрдан зиёд вақт давомида шу театрда самарали фаолият кўрсатиб, турли характердаги кўплаб эсда қоларли образлар яратади. Жўра Тожиев ижодига мансуб бўлган Борис Григорьевич (А.Островский, "Момақалдироқ"), Ко¬ган (Биль-Белоцерковский, "Чегарачилар"), Добчинский (Н.Гоголь, "Ревизор"), Граф Кент (Ф.Шиллер, "Қароқчилар"), Раҳмон (К.Яшин, "Ёндирамиз"), Розенкранц (В.Шёкспир, "Ҳамлет"), Родриго ("Отелло"), Аброр (Уйғун, "Парвона"), Тошпўлат ("Парвоз"), Жамол (А.Қаҳҳор, "Аяжонларим") каби образлар самимийлиги, ёрқинлиги ва катта жозибаси билан санъат мухлисларининг эътиборини қозонган. Жўра Тожиев ижодидаги энг етук образ В.Шекспирнинг "Отелло" трагедиясидаги Родригодир. Уни кенг маданий жамоатчиликка яқиндан танитган ҳам шу образ бўлди. Актёрнинг ўзи Ҳамза театридек отахон санъат даргоҳида театр саҳнасида ёнма-ён узоқ йиллар XX асрнинг машҳур санъаткори Аброр Ҳидоятов (Отелло) билан Родриго ролини ижро этганидан жуда фахрланар эди. Аброр Ҳидоятовни устозим деб қаттиқ ҳурмат қиларди. Умуман, у кишининг Аброр Ҳидоятов, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Орипов каби ижодкорларга меҳри баланд эди. Уларнинг ўзларини ҳам, ижодларини ҳам эъзозларди, асарларини севиб ўқирди. Қатағон йилларида Абдулла Қодирий асарларини ўқиш таъқиқланган пайтларда ҳам ёзувчининг "Ўтган кунлар", "Меҳробдан чаён" романларини беркитиб ўқир эди. Бу, албатта, унинг ижодий юксалишига таъсир этмай қолмади. Жўра Тожиев уруш йилларида Зайнаб Садриева, Олим Хўжаев, Шариф Қаюмов ва режиссёр Неъмат Дўстхўжаевлар билан Ўзбекистон радиосида фаол қатнашади. У радиода болаларга атаб ёзилган эртакларни мароқ билан ўқирди, радиопостановкаларда роллар ижро этарди. Айниқса, ўша йиллари радиода эшиттирилган "Серкабобо" радиопостановкасидаги Жўра Тожиев ижро этган Серкабобо роли эл ўртасида машҳур бўлиб кетган эди. Актёрнинг бу фаоллиги эътиборга олиниб, Республика радиоси тавсиясига биноан унга "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист" унвони ҳам берилган эди. Жўра Тожиев "Ўзбекфильм" киностудиясида бадиий фильмларни дубляж қилишда ҳам фаол қатнашди. "Мафтунингман" бадиий фильмига ўхшаш кино асарларида эпизо¬дик ролларни ижро этди. Хуллас, умрининг охиригача ўз касбига садоқат билан ижод этди, замон билан ҳамнафас бўлди. Фарзанди — истеъдодли театр ва кино актёри, Ўзбекистон халқ артисти Тўлқин Тожиевни тарбиялаб вояга етказди. Унинг санъатда ўз ўрнини топишида устозлик қилди. "Менда театр санъатига илк бор меҳр уйғотган оиламиздаги ижодий муҳит бўлди, — дейди Тўлқин Тожиев, — Актёр бўлиб етишишимда адамларнинг хизматлари жуда катта. Биринчи устозим ҳам адам бўладилар." Жўра Тожиев 1967 йилда "Ўзбекистон халқ артисти " фахрий унвони билан тақдирланди. У 1995 йил 12 июнда 84 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этди.

  • Категория :
  • Дата :7-11-2015, 12:56