АМИН ТУРДИЕВ

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1910-1970)
Таниқли театр актёри Амин Турдиев 1910 йилда Тошкентда туғилган. У 1927 йилда Тошкентдаги пе¬дагогика билим юртини тугатади. Актёрлик фаолиятини 1929—1931 йилларда Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театри қошидаги "Ишчи-сайёр" театр гуруҳида бошлайди. Амин Турдиев 1932—1933 йилларда Ҳамза театрида, сўнг 1933—1937 йилларда Самарқанд ва Наманган театрларида бадиий раҳбар, 1937—1938 йилларда Ўзбекистон Халқ Комиссарлари Совета хузуридаги Санъат бошқармасида режиссёр-инспектор бўлиб ишлайди. Амин Турдиев 1939—1951, 1952—1963 ва 1967 йилларда Ҳамза номидаги Давлат академик драма театрида актёр ва режиссёр, 1949—1951 йилларда Ҳамза театри директори, 1951—1952 йилларда Андижон театрида бош режиссёр, 1963— 1967 йилларда эса Охунбобоев номидаги Ёш томошабинлар театрида бадиий раҳбар бўлиб фаолият кўрсатади. Иван Щедрин (Н.Погодин, "Милтиқли киши"), Макар (А.Корнейчук, "Макар Дубрава"), Заргаров (А.Қаҳҳор, "Оғриқ тишлар"), Ҳусайн Бойқаро (И.Султон, "Алишер Навоий"), Кассио (В.Шекспир, "Отелло"), Санжаров (И.Султон, "Имон"), Абдусалом (Э.Воҳидов, "Олтин девор") каби ранг-баранг характердаги қаҳрамонлар Амин Турдиев талқинида ўзининг оригинал ва ҳаётий ифодасини топган. Уйғун ва И.Султоннинг "Алишер Навоий" драмасидаги Ҳусайн Бойқаро ролини Ҳамза театрининг забардаст актёри Ш.Бурҳонов, Л.Назруллаев, А.Турдиев, Н.Қосимов, М.Абдуқундузовлар ўйнаганлар. А.Турдиев ўзига қадар ўйнаган актёрлардан фарқли ўлароқ, Хуросон мамлакатининг буюк ва салобатли ҳукмдори ҳамда шоири Ҳусайн Бойқарони ҳийла найрангларга ишонувчи, иродаси бўш шахс сифатида кўрсатди. А.Қаҳҳорнинг "Оғриқ тишлар" комедиясидаги Заргаров об¬разини эса баландпарвоз нутқлар сўзлагувчи, 50-йилларнинг ваъдабоз, субутсиз бюрократларининг типик вакили сифати¬да гавдалантиради. Амин Турдиев қирқ йиллик сермазмун ва серққирра ижодида Алишер Навоий, Макар, Кассио, Сан¬жаров, Заргаров, Қодирқул мингбоши, Абдусалом каби ўнлаб ўлмас образлар яратиб, ўзбек театр санъатининг арбоблари қаторидан муносиб ўрин олди. Самарканд театрида қўйилган "Ёндирамиз" (К.Яшин), "Ниқоб йиртилди" (З.Фатхуллин) спекталлари, шунингдек "Бургутнинг парвози" (И.Султон), "Туркия хақида ҳикоя" (Н.Ҳикмат) асари асосида (А.Гинзбург билан ҳамкорликда) ва бошқа кўплаб саҳна асарларида Амин Турдиевнинг режис¬сёрлик маҳорати намоён бўлди. Амин Турдиев кинода ҳам қатор роллар ижро этган. "Стадионда учрашамиз" (Раис), "Бой ила хизматчи" (Қодирқул мингбоши), "Фурқат" (Беклар беги) ва бошқа фильмларда у киноактёр сифатида қатнашган. Салбий образлар талқинида Амин Турдиевнинг актёрлик маҳорати, айниқса, яққолроқ намоён бўлади. У қаҳрамонларнинг ички кечинмаларини, драматик ҳаяжонларини чуқур психологик ва юмористик бўёқларда ифодалайди. Шунингдек Амин Турдиев "Табассум" ҳажвий радиожурналида ҳам фаол қатнашган. Истеъдодли театр ва кино актёри ҳамда режиссёр Амин Турдиевнинг сермазмун ва серқирра ижодий фаолияти юқори тақдирланди. 1956 йилда унга "Ўзбекистон халқ артисти" унвони берилди. Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлди. Амин Турдиев 1970 йилда Тошкентда вафот этди.