ХАМИДУЛЛА НАРИМОНОВ

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1910-1982)
Ўзбек театр актёри Ҳамидулла Наримонов 1910 йилда Тошкентда туғилди. У 1930 йилда Москвадаги Ўзбек драма студиясини тугатгач, 1930—1933 йилларда Бухоро театрида, 1933 йилдан то умрининг охиригача Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театри (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри) да актёр сифатида фаолият кўрсатган. Боровой (Д.Фурмановнинг "Исён" романи асосида По¬ливанов инсценировкаси) Ҳамидулла Наримоновнинг театр саҳнасида яратган биринчи образидир. Холмат, домла (Ҳамза, "Бой ила хизматчи"), Арвоҳ (В.Шекспир, "Ҳамлет"), Ҳотам бобо (Уйғун, "Қотил"), Шоқосим (Ойбек, "Қутлуғ қон"), Нурбобо (Иззат Султон, "Номаълум киши"), Жомий (Уйғун ва Иззат Султон, "Алишер Навоий"), Ибн Ироқ (Уйғун, "Абу Райҳон Беруний") каби образлар Ҳ.Наримонов ижодида алоҳида ўрин тутади. Ҳамидулла Наримонов Ойбекнинг "Қутлуғ қон" романи асосида саҳналаштирилган спектаклда Шоқосим образида бир умр ҳалол меҳнат қилиб, рўшнолик кўрмаган инсоннинг аянчли қисматини, Иззат Султоннинг "Номаълум киши" асаридаги Нурбобо образида халқ озодлиги ва тинчлиги йўлида толмас курашчининг типик вакилини ҳаққоний яратган. "Али¬шер Навоий" спектаклидаги Жомий образини актёр шундай жозиба ва меҳр билан яратдики, натижада кўз олдимизда XV аср буюк ва доно шоирининг салобатли қиёфаси аниқ намоён бўлади. Ҳамидулла Наримонов кўпроқ боболар образини, нуроний кишилар характерини яратишга мойил актёр. У яратган ранг-баранг образлар табиийлиги, тўлақонлиги ва самимийлиги билан эътиборга моликдир. Ҳ.Наримонрв "Ўзбекфильм" киностудиясида суратта олинган бир неча фильмларда эпизодик ролларни ижро этган. Айниқса, у яратган "Ўтган кунлар" бадиий фильмидаги Ҳасанали образи табиийлиги ва ҳаётийлиги билан кино санъати мухлисларига манзур бўлди. Актёр Ҳасанали образида оддий ўзбек кишисининг одоб аҳлоқ бобида ва муомала санъатидаги назокатини моҳирона кўрсатган. Ҳ.Наримонов Ўзбекистон телевидениесида суратга олинган видеофильм ва телефильмларда ҳам роллар ижро этган эди. Таниқли ўзбек актёри Ҳамидулла Наримоновга 1956 йил¬да "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони берилди. У1982 йилда Тошкентда вафот этди.