ЗАМИРА ХИДОЯТОВА

(1909-1998)
Таниқли ўзбек актрисаси Замира Ҳидоятова 1909 йилда Тошкентда туғилган. У 1924—1927 йилларда Москвадаги ўзбек драма студиясида ўқиган. Замира Ҳидоятова 1927 йилдан "Ишчи-сайёр" труппаси, 1932 йилдан бошлаб, то 80-йилларгача Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театри (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри) нинг актрисаси сифатида ишлаган. Ижодий фаолиятини 30-йилларда бошлаган Замира Ҳидоятова ярим асрдан зиёд даврда юздан ортиқ ҳаётий, табиий ва бетакрор образлар яратиб, ўзбек театр саньати ривожига муносиб ҳисса қўшди. У яратган Ўлмасой (З.Фатхуллин, "Ниқоб йиртилди"), Мильфордхоним (Ф.Шиллер, "Макр ва муҳаббат"), Меланья (М.Горький, "Егор Буличев ва бошқалар"), Кабаниха (А.Островский, "Момақалдироқ"), Гулсум (Ойбек, "Қутлуғ қон"), Ҳамробиби (А. Қаҳҳор, "Шоҳи сўзана") каби ранг-баранг ва турли табиатга эга бўлган образлар актрисанинг кўп йиллик муттасил ижодий меҳнати ва изланишларининг маҳсулидир. Ўзбек театр санъатида она образини моҳирона яратишда Замира Ҳидоятовага тенг келадиган актрисалар кам, албатта. У яратган оналар образи содда ва камтар, меҳрибон ва ғамхўр, самимий ва ёқимтой фазилатлари билан томошабинларни лол қолдиради. Саҳнада биз она ролини ижро этаётган Замира Ҳидоятовани эмас, балки ўзбек онасининг типик самимий сиймосини қалбан ҳис этамиз. Актриса Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг "Бой ила хизматчи" асарида фармонбардор, қаҳри қаттиқ Ҳожи она тимсолини яратди. Хосият (К.Яшин ва А.Умарий, "Ҳамза"), Рисолат (И.Султон, "Имон") лар эса турли дунёқарашга, турли характерга ва қиёфага эга бўлган оналарнинг типик вакилларидир. Лекин Замира Ҳидоятова уларда бир умумийликни — оналарнинг ўз фарзандларига бўлган беғубор ва буюк ғамхўрлигини, тоғдай меҳрини, бағрикенглигини жуда ишончли ва ҳаётий тарзда кўрсата олган. Актрисанинг катта маҳорати ҳам, ўзига хос индивидуал ва бетакрор истеъдоди ҳам аввало шулар билан белгиланади, қадрланади. Талантли санъаткор Замира Ҳидоятованинг ярим асрдан зиёд муддатдаги мазмунли ва ибратли ижодий фаолияти муносиб тақдирланди. 1944 йилда унга "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони берилди. Кейинчалик Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлди. Замира Ҳидоятова 1998 йилда Тошкентда вафот этди. Замира Ҳидоятова Ҳожи она ("Бой ила хизматчи"), Ка¬баниха ("Момақалдироқ"), Мильфордхоним (Ф.Шиллер, "Макр ва муҳаббат") каби ўлмас ролларнинг моҳир ижрочиси, ўзбек театр саҳнасида оналар образининг бетакрор ижодкори сифатида ўзбек санъатида ўчмас из қолдирди.