МАРИЯ КУЗНЕЦОВА

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1899-1956)
Мария Кузнецова ўзбек актёрларининг биринчи авлодига мансуб бўлиб, 1899 йилда Наманган шаҳрида туғилган. У ёшлигидан ўзбек тилини яхши билган, ўзбек ашула ва рақсларини ижро этган. Мария Кузнецова 1918 йилда Ҳамза бошчилигидаги "Ўлка сайёр сиёсий труппаси" да ўз ижодий фаолиятини бошлади. Сўнгра, 1921‑1925 йилларда Қўқон театрида, 1925 йилдан то умрининг охиригача Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театри (ҳозирги Ўзбек, миллий академик драма театри) нинг актрисаси сифатида фаолият кўрсатади. У Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ёзган ва саҳналаштирган пьесаларда биринчи бўлиб аёллар ролларини ўйнаган актрисадир. Унинг ижросидаги Нафиса ("Фаргона фожиаси"), Фотима ("Туҳматчилар жазоси"), Жамила ("Бой ила хизматчи") каби образлар ҳаётийлиги ва катта жозибаси билан ўзбек томошабинига манзур бўлган эди. Мария Панфиловна (А.М.Файко,"Портфелли киши"), Анна Андреевна (Н.Гоголь, "Ревизор"), Мильфордхоним (Ф.Шиллер, «Макр ва муҳаббат") тимсолларини яратишда М.Кузнецованинг ўзига хос ижрочилик йўли илк бор ярқ этиб кўзга ташланди. М.Кузнецованинг саҳнада яратган йирик образларидан бири Ҳамзанинг "Бой ила хизматчи" спектаклидаги Ҳожи она образи бўлди. 1939 йилда яратилган бу ўлмас образ актрисани кенг маданий жамоатчиликка танитди. М.Кузнецова ижросидаги Ҳожи она оилада ўз ҳукмини ўтказадиган, ўз зулми билан ҳаммани зир титратадиган, қовоғидан қор ёғадиган ниҳоятда қаттиққўл инсон. Ҳатто Солиҳбой ҳам ўз онасининг раъйига қарши бора олмайди. Ҳожи она золим қайнонанинг, қаттиққўл шафқат билмас одамларнинг типик вакилидир. М.Кузнецованинг Ҳожи она образини яратишдаги ижро услуби ёш актёрларга дастурул амал бўлди. Шунингдек, у Бессеменова (М.Горький, "Мешчанлар"), Холниса (А.Қаҳҳор, "Шоҳи сўзана") Муҳимий театрида саҳналаштирилган Ҳамзанинг "Майсаранинг иши" асаридаги Майсара образларини ҳам моҳирона ижро этган. М.Кузнецова ўзбек театр саҳнасида ўлмас образлар яратиш билан бир қаторда ўзбек аёлларини театрга жалб этиш, уларни саҳнага олиб чиқишда ҳам катта жонбозлик кўрсатган. "Ҳамза театрининг машҳур актрисаси Мария Кузнецованинг ўзбек аёлларини саҳнага олиб чиқиш, уларга актёрлик санъатининг сир-синоатларини ўргатишдаги хизматлари катта бўлган. Афсуски, М.Кузнецова ҳақида кам ёзадилар", — деган эди Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуджон Ғофуров. Мария Кузнецованинг санъатдаги хизматлари муносиб тақдирланди. 1939 йилда унга "Ўзбекистон халқ артисти "фахрий унвони берилди. Мария Кузнецова 1956 йилда Тошкентда вафот этди. Бетакрор истеъдоди ва ажойиб образлари билан ўзбек миллий маданияти тараққиётига беқиёс ҳисса қўшганлиги, бутун ҳаётини халқимиз маънавиятини юксалтиришга бахшида этганлиги учун бу улкан санъаткор 2001 йилда "Буюк хизматлари учун" ордени билан мукофотланди.