• Манзил: Тошкент шаҳри, Навоий ко'часи, 34.

  • Боғланиш: (+99871) 244-32-93
    milliy.teatr@mail.ru

СОЙИБ ХЎЖАЕВ

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1910-1982)

 Театр ва кино актёри Сойиб Хўжаев 1910 йилда Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидаги Хонобод қишлоғида туғилди. У актёрлик фаолиятини 1927 йилда Қўқон театрида Ғ.Зафарийнинг «Ҳалима» спектаклида эпизодик роль ўйнашдан бошлади. С.Хўжаев 1928—1939 йилларда Андижон театрида фаолият кўрсатди. Бу даргоҳдаги фаолият давомида Труффальдино (К.Гоцци, «Маликаи Турандот»), Соли домла (К.Яшин, «Ўртоқлар»), Бобчинский (Н.Гоголь, «Ревизор») ва бошқа ролларни ижро этиб, аста-секин театр санъатида ўз ўрни ва қиёфасига эга бўла бошлади. 1939 йилдан Тошкентга келиб, Муқимий номидаги Ўзбек Давлат музикали драма театрида ўз фаолиятини давом эттириб, то умрининг охиригача шу театрда ишлади. Сойиб Хўжаев ўзбек театр саҳнасида турли жанрларда уч юздан ортиқ роллар ижро этди. Шу ўринда актёр ижро этган Мулладўст (Ҳамза, «Майсаранинг иши»), Ҳузурхўжа (К.Яшин, Т.Жалилов, «Нурхон»), Микола (И.Котлярский, Н.Лисенко, «Полтавалик Наталка»), Тоби (В.Шекспир, Р.Вильданов, «Ўн иккинчи кеча»), Тошболта (Ғ.Ғулом, М.Левиев, «Тошболта ошиқ»), Вакил қассоб («Ажаб савдолар») каби ролларни алоҳида тилга олиш жоиздир. Сатира ва юмор, халқ қизиқчиларининг энг яхши усулларидан, мимика ва пантомималаридан, сўз ўйинларидан усталик билан фойдаланиш қобилиятига эга бўлган актёр С.Хўжаевнинг элга танилишида «Тошболта ошиқ» комедиясидаги Тошболта роли муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бу рол актёрга катта шуҳрат келтирди. Актёр Тошболта ролини Муқимий театри саҳнасида 1500 марта ўйнади. 1959 ва 1964 йилларда Муқимий театри жамоаси Москвада Кремль театр кўригида қатнашди. С.Хўжаевнинг «Ватан ишқи», «Муқимий», «Равшан ва Зулхумор», «Нурхон», «Тошболта ошиқ» спектаклларида ижро этган роллари томошабинлар ва танқидчилар томонидан ижобий баҳоланди. Сойиб Хўжаев кинода ҳам фаол қатнашиб «Ватанга совға», «Насридциннинг саргузаштлари», «Стадионда учрашамиз», «Ёр-ёр», «Дилбарим», «Унинг исми Баҳор» ва бошқа бадиий фильмларда қатор ёрқин ва эсда қоларли образлар яратди. Унинг радио ва телевидениеда яратган жозибали образлари ҳам актёр ижодида алоҳида ўрин тутади. Сойиб Хўжаев узоқ йиллар Л.Саримсоқова, Т.Жалилов, А.Бакиров каби таниқди санъаткорлар билан ижодий ҳамкорлиқда бўлди. Ҳ.Умаров, Б.Ихтиёров, Ҳ.Шарипов, М.Муслимов каби шогирдлар етиштирди. Сойиб Хўжаевнинг театр ва кино санъати равнақидаги хизматлари муносиб тақцирланди. 1939 йилда унга «Ўзбекистон халқ артисти» унвони берилди. Сойиб Хўжаев 1982 йилда Тошкентда вафот этди. Республикамиз маданий жамоатчилиги томонидан 2000 йилда С.Хўжаев таваллудининг 90 йиллиги нишонланди.

  • Категория :
  • Дата :6-11-2015, 15:24