Бугун 24-декабрь, Ўзбек Миллий Академик драма театрининг устоз санъаткори, халқ суйган ижодкор, ўз ижодий дунёсига эга актриса, «Меҳнат шуҳрати» ордени соҳибаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулчеҳра Иброҳимбекованинг таваллуд айёми. Устозни шукрона куни билан қутлаб, аввало танисиҳатлик-саломатлик, узоқ ва саодатли умр, барокатли ризқ-насиба, оилавий тинчлик-ҳаловат, шунингдек, ижодий файз, нурафшонлик тилаймиз. Кексалик гаштини бахти гўзал фарзанду набираларингиз бағрида, дуогўй она ва буви бўлиб, эъзозда кўриб яшанг. Устоз, биламиз-ки, актёрлик юксак қалб, катта юрак талаб қиладиган касб. Қалби бор, юраги ишлайдиган актёргина образ дунёсида яшай олади. Гулчеҳра Иброҳимбекова ижрочи эмас, яшовчи актриса. «Бегона баҳор» фильмидаги золим, зуғумкор, рашкчи Қайнона — устоз Гулчеҳрани томошабин нигоҳида ёмон кўрдик, мутахассис нигоҳида ички кечинма санъат, табиий бўёқ ва чизгилар, чиройли шакл ва топилмаларга мафтун бўлдик. Ҳамиша халқ меҳр-муҳаббатидан баҳра олиб, ижодий туҳфалар армуғон этаверинг!