Миллий театрининг 100 йиллиги муносабати билан
Президентимиз И.А.Каримовнинг Ўзбек Миллий академик драма театри жамоасига табриги
Азиз дўстлар!
Ҳурматли санъат аҳли!
Авваламбор, Ўзбек Миллий академик драма театрининг 100 йиллик қутлуғ тўйи муносабати билан сиз, муҳтарам театр жамоаси ва мухлисларини, сизларнинг тимсолингизда бутун маданий жамоатчилигимизни чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Маълумки, дунёдаги ҳар қайси халқ, ҳар қайси давлатнинг маънавий тараққиёт даражаси аввало унинг маданияти, санъат ва адабиётида, жумладан, театр санъатида яққол намоён бўлади.
Бугун биз мамлакатимиз тарихидаги унутилмас сана - нафақат юртимиз, балки Туркистон заминидаги биринчи профессионал театрга асос солган Ўзбек Миллий академик драма театрининг юз йиллигини нишонлар эканмиз, унинг шу даврда босиб ўтган мураккаб ривожланиш йўли, эришган ютуқ ва марралари кўз ўнгимиздан ўтиши табиийдир.
Эл-юртимиз бу даврда қандай қийинчилик ва машаққатларни, қувончли ва ташвишли кунларни бошидан кечирган бўлса, уларнинг барчаси ўзбек маданиятининг кўзгуси бўлмиш ушбу театр фаолиятида, унинг саҳнасида намойиш қилинган асарларда ўз аксини топган, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Бугун биз Миллий театримизнинг тамал тошини қўйган, бу йўлда қандай оғир синов ва тўсиқларга дуч келмасин, ўзлигидан, ўз маслагидан қайтмаган, "Театр - бу ибратхонадир" деган ҳикматга амал қилиб, маънавий жасорат намунасини кўрсатиб яшаган Беҳбудий, Мунавварқори, Авлоний, Чўлпон сингари маърифатпарвар боболаримиз, саҳна санъати фидойиларининг сўнмас хотираси олдида бош эгиб таъзим қиламиз.
Мустабид тузум мафкурасининг тазйиқларига қарамасдан, гуманистик ғоялар, юксак ижодий принципларга содиқ қолган Маннон Уйғур, Етим Бобожонов, Олим Хўжаев, Аброр Ҳидоятов, Наби Раҳимов, Шукур Бурҳонов, Обид Жалилов, Сора Эшонтўраева, Зайнаб Садриева, Тошхўжа Хўжаев, Александр Гинзбург, Ғани Аъзамов каби ўнлаб атоқли ижодкорларнинг номларини миннатдорлик билан эслаймиз.
Бу мўътабар саҳнада яратилган Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улугбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби буюк аждодларимизнинг барҳаёт сиймолари минг-минглаб томошабинларга инсонийлик, адолат ва эзгулик, меҳр-оқибат, олижанобликдан сабоқ бергани, уларни гўзаллик ва нафосат оламига ошно этиб келаётгани таҳсинга лойиқцир.
Бугунги кунда биз маънавий ҳаётимизни юксалтириш йўлида бошқалар ҳавас қиладиган қандай катта натижаларга эришган бўлсак, ҳеч шубҳасиз, бу борада театр санъати, хусусан, Ўзбек Миллий академик драма театрининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини халқимиз, жамоатчилигимиз яхши билади ва юксак қадрлайди.
Айни шу боис бундан ўн уч йил муқаддам ушбу ижод даргоҳига Ўзбек Миллий академик драма театри деган юксак мақом берилгани унинг тарихида янги саҳифани бошлаб берди, десам, ўйлайманки, барчангизнинг фикрингизни ифода этган бўламан.
Юбилей муносабати билан академик театр биноси тубдан капитал таъмирлангани, энг замонавий техник воситалар билан жиҳозлангани, Миллий театримиз бутунлай янгича қиёфа касб этиб, дунёдаги ривожланган давлатларнинг санъат масканлари билан беллаша оладиган даражага етгани барчамизга мамнуният багишлайди.
Азиз санъаткорлар!
Бугун биз бунёд этаётган янги ҳаёт, янги жамиятнинг маънавий асосларини янада мустаҳкамлашда сизлар яратган ва келгусида яратадиган ранг-баранг асарларни миллионлаб санъат ихлосмандлари ҳайрат ва ҳаяжон билан томоша қилишини, умр йўлларида барчамиз дуч келадиган, ҳар бир инсонни ўйлантирадиган мураккаб саволларга театр ибрати орқали жавоб топишни истаймиз.
Бу ҳакда гапирганда, халқимиз театр саҳнасида бугунги ҳаётимизни теран акс эттирадиган, турли синовларда тобланган, ўз келажагини ўз қўли, ўз меҳнати билан яратаётган, Ватан такдирини ўз такдири деб биладиган фидойи инсонлар - замонамиз қаҳрамонлари қиёфасини ёрқин ифода этадиган янги асарларни орзиқиб кутаётганини яна бир бор таъкидлаш ўринлидир.
Сиз, азизлар мамлакатимиз театр санъатининг энг яхши анъаналарини бойитиб, янги авлодларга безавол етказасиз, юксак бадиият ва ҳаққонийлик, эзгу мақсадларга хизмат қилиш руҳи билан сугорилган етук асарларингиз билан халқимиз, аввало, ёшларимизнинг маънавий оламини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшасиз, деб ишонаман.
Қадрли дўстлар!
Барчангизни бугунги қутлуғ байрам билан яна бир бор табриклар эканман, сизларга янги-янги ижодий ютуқлар, сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга бахту саодат тилайман.
Мухлисларингиз, санъатсевар халқимизнинг меҳри ва эътибори сизларни ҳеч қачон тарк этмасин.
Ислом Каримов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Тошкент шаҳри
2014 йил 28 ноябрь