
Ўзбек Миллий академик драма театрида Эркин Хушвақтов қаламига мансуб, "Бобораҳим Машраб" деб номланган икки пардали спектакльнинг томошабин ва жамоатчилик учун мўлжалланган намойиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон халқ артисти, профессор - Турғун Азизов ва Ўзбекистон санъат арбоби - Бахтиёр Тўраев томонидан саҳналаштирилган “Бобораҳим Машраб” драмаси томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.
Спектаклда Бобораҳим Машраб ғазал мулкининг султони Алишер Навоийдан кейин ўзбек мумтоз адабиётига янги руҳ ва ўзига хос оҳанг ва тасвир гўзаллигини олиб кирган сўз санъаткоридир. Мустақиллик йилларида барча азиз сиймоларимиз каби Машраб шахсиятига ҳам адолатли баҳо берилди. Машраб таваллудининг 360 йиллиги тантанали нишонланди. Машраб шеъриятига хос хусусият шундаки, унинг шеър ва ғазалларида Оллоҳга бўлган ишқ тараннум этилади. Машраб шеърияти ҳали тўлиқ кашф қилинмаган бир хазинадир. Бу шеърият билан қанча кўп тиллашса ва диллашса, инсон ўзлигини ўшанча теран англаш имконига эришади, шахс ва жамият, одам ва олам, Ҳақ ва банда муносабатларини тўғри мушоҳада айлаш даражасига кўтарилади. Спектаклда айни шу каби тушунчалар акс эттирилган.
Бош ролларда: Биби Салима – Ўзбекистон халқ артисти - Малика Иброҳимова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист - Саида Раметова; актриса - Феруза Бобоёрова; Бобораҳим Машраб – Шарофиддин Музропов, Бахтиёр Юсупов, Наврўз Жумаев, Азиз Қобилов; Канизак - Шаҳноза Хажимуратова ва Зилола Ғуломова; Қалмоқ маликаси - Дилноза Кубаева, Шаҳло Темирова ижро этишган. Барча томошабинларни янги спектаклни томоша қилишга таклиф этамиз.