Бугун, соат 16:00да Ўзбек Миллий Академик драма театрида, ўзбек театр ва кино санъатининг афсонавий ижодкори, СССР халқ артисти, Ўзбекистон халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори Олим Хўжаевнинг 110 йиллик хотира кечаси бўлиб ўтди. Кеча устоз санъаткорга бағишланган ҳужжатли фильм, гўзал мумтоз куй-қўшиқлар, театр дарғаларининг дилномалари, пойтахт театрларининг мавзу доирасидаги саҳна лавҳалари билан мазмунга бой, рангин ва завқли тарзда кўнгиллардан жой олди. Тадбир якунида театр директори, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Давлат мукофоти совриндори Ёдгор Саъдиев сўзга чиқиб: “Устоз Олим Хўжаев Ҳазрат Навоий ғазалларининг шайдоси эди. Мутолаани хуш кўрарди. Айниқса, Навоий ғазалларини ўзгача роҳат билан ўқирди. Устоз юксак қалб соҳиби, кенг феъл эгаси эди. Инсонийлик фазилатлари билан биз шогирдларга ўрнак бўлиб яшаб ўтди”, дея устоз санъаткорни хотирлади.
Хотира кечаси ўзбек театр санъатининг олтин фондига муҳрланди.