Ўзбек олийҳиммат ва танти халқ. Ўзбек меҳмондўст ва бағрикенг миллат. Ўзбек дастурхонли ва буғдой сўзли инсон. Кўнгилни Каъбадек кўрган ҳам ўзбек. Меҳр боғини боғбони ҳам ўзбек. Дунё ташвишларини бир четга суриб, иккита нон билан йўқловни унутмайдиган ҳам ўзбек. Бир пиёла чой устида дийдорни ширин ва ғанимат билган ҳам ўзбек.
Кеча 2-июль санасида, Ўзбек Миллий Академик драма театрининг директори, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Сагдиев ҳамда директор муовини, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Асадилло Набиев эрта тонгдан ширин дийдор истаб, устоз санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилованинг хонадонига ташриф буюрдилар. Элимиз ардоғидаги ижодкорни табаррук ёш ва шукрона куни билан қутлаб, бир пиёла чой устида ширин суҳбат қурдилар.
Инсоний ҳис-туйғуларнинг подшоҳи – меҳр! Бир чимдим меҳр инсонга олам-олам қувонч-шодлик бахш этади. Ёшлик эликсири ҳам меҳр, даво-ю шифо ҳам меҳр. Инсонлар орасидан меҳр-оқибат, аҳилчилик ҳеч қачон аримасин!
Шу ўринда, театр жамоаси номидан устоз санъаткор Гулчеҳра Жамиловани таваллуд айёми билан қутлаб, аввало соғлик-омонлик, узоқ ва барокатли умр, улуғ ризқ-насиба, оилавий тинчлик-хотиржамлик ҳамда ижодий куч-қувват, кўтаринки кайфият тилаймиз!





