ПРЕЗИДЕНТ ИСЛОМ КАРИМОВНИНГ 2001 ЙИЛ 30 АВГУСТДА ТОШКЕНТ ШАҲРИДА АКАДЕМИК ДРАМА ТЕАТРИ ЯНГИ БИНОСИНИНГ ОЧИЛИШ МАРОСИМИДА СЎЗЛАГАН НУТҚИ
Ассалому алайкум, азиз дўстлар!
Муҳтарам санъаткорлар!
Қадрли меҳмонлар!
Аввало, барчангизни бугунги унутилмас кун - азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрида ушбу ажойиб санъат саройи — Ўзбек давлат академик драма театримизнинг янги биноси очилиши муносабати билан чин қалбимдан самимий муборакбод зтаман.
Ҳурматли биродарлар!
Бугун юртимиздаги энг улуғ ва энг азиз байрам арафасида мана шу бетакрор, муҳташам, замонавий театр кошонаси санъат мухлислари учун ўз эшикларини очаётгани ғоят қувончлидир.
Бундай гўзал саройнинг тақдимот маросимида иштирок этишнинг ўзи ҳар қандай одамни ҳам қувонтириб, унинг кўнглига хуш кайфият, ёруғлик бағишлайди, десам, ўйлайманки, барчангиз бу фикрга қўшиласиз. Ўзингиз биласиз, Ўзбекистон раҳбари сифатида менинг кўп-кўп халқаро миқёсдаги катта анжуманларда, маҳобати билан кўзни қамаштирадиган саройларда, императорлар, қирол ва подшоларнинг қасрларида, бугунги замоннинг энг чиройли, бой ва ҳашаматли биноларида бўлишимга, у жойларда нутқ сўзлашимга, мулоқотларда иштирок этишимга тўғри келади.
Лекин, мен мана шу дақиқаларда қалбимдан бир ҳаяжон кечираётганимни сизларга очиқ айтишим керак.
Бу ҳаяжоннинг сабаби шундаки, ўзбек маданиятининг кўзгуси бўлган мана шу академик театримиз саҳнасида Маннон Уйғур, Етим Бобожонов, Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурбонов, Олим Хўжаев, Сора Эшонтўраева, Наби Рахимов, Обид Жалилов, Зайнаб Садриева, Тошхўжа Хўжаев, Александр Гинзбург, Ғани Аъзамов сингари не-не буюк санъат намояндаларининг қутлуғ излари қолган, овозлари янграган, уларнинг ўлмас руҳи бугун ҳам шу даргоҳда кезиб юрибди.
Неча йиллар давомида ўзинииг беқиёс санъати ва маҳорати, классик асарларнинг бетакрор ижроси билан бу театр нафақат миллий санъатимиз мухлисларини, балки дунёдаги манаман деган театрларнинг машҳур режиссёр ва актёрларини, уларнинг энг нозиктаъб театршунос ва мутахассисларини ҳам хайратда қолдиргани маълум.
Ўзбек театрининг номини бутун дунёга танитган бундай ижодкорлар ҳар қайси халқ ва давлатнинг фахру ифтихори бўлишга муносиб зканини бугун вақтнинг ўзи исботлаб бермоқда, десам бу ҳам айни ҳақиқат бўлади.
Бу тарихий саҳнада Беруний, Ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби улуғ сиймолар Ватанга садоқат, эзгулик ва адолат, маърифат ва нафосат сингари олижаноб фазилатлардан, мухтасар қилиб айтгаяда, инсонийлик илмидан минглаб томошабинларга, бутун халқимизга сабоқ берганини миннатдорлик билан эслаймиз.
Ишқ-муҳаббат, ҳалоллик, дўстлик, одамийлик каби юксак туйғулар ифода этилган, замон ва инсон муаммолари ҳақида баҳс юритадиган, ҳали-ҳануз томошабинлар хотирасидан ўчмай келаётган ўнлаб саҳна асарлари ҳам мана шу театримиз тарихининг ёрқин саҳифаларини ташкил этади.
Бир сўз билан айтганда, одамларнинг қалбига бекиёс таъсир ўтказиб, уларни мудом эзгулик ва олижанобликка чорлаб келаётган академик театримиз маънавий ҳаётимизнинг узвий бир қисмига айланиб қолган, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.
Муҳтарам дўстлар!
Бугун биз ўзлигимизии англаш йўлида ўтмишимизнинг ноёб ва илгари номаълум бўлган саҳифаларини очаётган ҳозирги шароитда театр саньатимиз тарихидаги баъзи нуқталарнинг асл моҳияти намоён бўлаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Тарихий ҳақиқат нуқтаи назаридан қараганда, Абдулла Авлоний, Махмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори каби маърифатпарвар зиёлиларимиз ташаббуси билан ташкил этилган ўзбек театр труппаси 1914 йил 27 феврал куни Тошкент шаҳрида, ҳозирги Биржа маркази ўрнида жойлашган «Колизей» биносида «Падаркуш» спектаклини намойиш этгани—бу Туркистон заминида профессионал театр талабларига жавоб берадиган биринчи миллий саҳна асари бўлганини айтиб ўтиш ўринли, деб биламан.
XX аср бошида, мустамлакачилик зулмига қарамай, халқимиз яиги ютуққларга - миллий уйғониш ва эркинлик сари интилиб яшаган бир даврда буюк аждодларимиз-жадидлар томонидан амалга оширилган бу улкан иш, бу ҳаракатни ўзига хос маънавий жасорат намунаси, деб аташ мумкин.
Бугун, Ватанимиз, юртимиз XXI acpгa қадам қўйиб, ўзининг буюк келажаги сари интилаётган, бу йўлдаги барча ҳаракатларимиз иймон - эътиқод туйғуси билан йўғрилиб, кучайиб бораётган бир пайтда, ўз тарихий илдизларимизни, шу жумладан, санъатимиз, миллий театримиз тарихини чуқур англаш, ундан сабоқ олиш ҳакида гапиришимиз ҳар жиҳатдан ўринли бўлади, деб ўйлайман.
Азиз юртдошларим!
Шу залда ўтирганларнинг кўпчилиги яхши билади-бу жойда илгари «Ватан» деган кинотеатр бўларди. Кейинчалик шу бино театр учун наридан бери мослаштириб берилган эди. Ҳар гал Навоий кўчасидан ўтганимда ушбу театрни кўриб, бу даргоҳда не-не буюк санъаткорлар, уларнинг истеъдодли давомчилари ижод қилса-ю, у ана шундай юксак бадиий салоҳиятга муносиб бинога эга бўлмаса, деган савол кўпчилик қатори менинг ҳам кўнглимдан кечар эди.
Чунки, саҳна санъатининг одамларга нафақат завқ-шавқ бахш этиши, айни вақтда миллий ғурур, миллий ифтихор манбаи, қудратли тарбия воситаси ҳам бўла олиши — бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир. Театрнинг маданий ҳаётимиздаги улкан вазифаси тўғрисидаги унинг ўрнини ҳеч нарса боса олмаслиги ҳақида, умуман, театрни улуғлаш, унинг таъсир кучи ҳақида кўп гапириш мумкин.
Лекин, бу борада битта муҳим масала борки, у ҳам бўлса театр ўзининг шу вазифасини адо этиши учун, инсоннинг қалбига, онгу тафаккурига таъсир ўтказиб, уни эзгу фазилатлар сари чорлаши учун театр ва унинг жамоасига, саньат фидойиларига шарт-шароит яратиб бериш зарурлигини гоҳо унутиб қўямиз.
Умуман бу муаммолардан узоқ бўлиш, бу масалада масъулиятни бўйнига олмасликка уриниш ҳолатлари ҳар қадамда учраб туради.
Таъбир жоиз бўлса, шуни таъкидлаш зарурки, ҳаммамиз театр томошаларини яхши кўрамиз, аммо ундай таъсирчан саҳна асарларини нечоғли машаққатли ва оғир меҳнат эвазига дунёга келиши ҳақида ўйлаб кўрмаймиз.
Яъни, бу санъат кошонасини Президентнинг, давлатнинг, мамлакатнинг, ҳукуматнинг, Маданият ишлари вазирлигининг, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг, керак бўлса, мана шу Шайхонтоҳур тумани хокимлигининг, балки яна бир қанча катта-кичик раҳбарларнинг сахийлиги, ғамхўрлиги сифатида таърифланишини кутишимиз мумкин.
Лекин, бу борада мен шуни айтмоқчиманки, бу театр биносини бунёд қилганимиз ўзбек маданиятининг истеъдодли намояндалари бўлмиш сизларнинг олдингизда, қолаверса, сизнинг тимсолингизда бугунги ёруғ кунларга етиб келолмаган буюк санъаткорларимизнинг руҳи олдида биз ўз қарзимизни, ўз бурчимизни адо этганимиз ифодаси, холос.
Муҳтарам санъат арбоблари!
Бугун мана шу нафосат саройида сиз, азизлар билан бир таклиф ҳақида маслаҳат қилмоқчиман: миллий руҳ ва замонавий қиёфада қайта тикланган ушбу театримизни бундан буён Ўзбекистон Миллий академик драма театри деб атасак, нима дейсизлар?
Ўйлайманки, бундай юксак ва шарафли ном бу кошонага бамисоли узукка кўз қўйгандек ярашади, санъат намояндаларини янги илҳом ва масъулият билан ижод қилишга, миллий истиқлол ғоялари руҳида бадиий баркамол асарлар яратишга, замонамиз қаҳрамонларининг ёрқин образларини юксак даражада талқин этишга руҳлантиради.
Мен миллий театримиз саҳнасида сизлар яратадиган ранг-баранг асарларни миллионлаб санъат ихлосмандлари, бутун халқимиз ҳайрат ва ҳаяжон, завқу шавқ билан томоша қилишини, улар ҳаёт йўлларида дуч келадиган, ҳар бир инсонни ўйлантирадиган мураккаб саволларга театр ибрати орқали жавоб топишини истайман.
Сизлар ўзбек театр санъатимизнинг энг яхши анъаналарини асраб-авайлаб, ривожлантириб, келажак авлодларга етказасиз, миллий ва умумбашарий қадриятларни тараннум этувчи етук асарларингиз билан халқимиз маданнягини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшасиз, деб ишонаман.
Барчангизга тилагим шуки, сизлар саҳнада бетакрор образлар яратиб, халқимиз меҳрига сазовор бўлишдан чарчаманг, бизга эса ажойиб маҳоратингизга қойил қолиб, санъатингизни олқишлаб, сизларга мана шундай ҳурмат-эҳтиром, иззат-икром кўрсатиб юриш насиб этаверсин.
Ҳаёт ҳақида, инсон умрининг маъно-мазмуни ҳақида театр ихлосмандлари билан қизғин ва жонли мулоқотингиз давом этадиган, юртимиз, миллатимиз довруғини тараннум қиладиган бу муаззам ижод маскани аввало сизларга, барча санъаткорларимизга буюрсин, эзгулик ва гўзалликни юксак қадрлайдиган томошабинларга, бутун халқимизга муборак бўлсин.
Фурсатдан фойдаланиб, ушбу маданият қасрини бунёд этган қўли гул қурувчиларимизга, меъмору мухандисларимизга, бу олижаноб ишда қатнашган барча юртдошларимизга ўз номимдан, бутун санъат мухлислари номидан самимий миннатдорлик изҳор этаман.
Мана шу унутилмас дақиқаларда барчангизни Ватанимиз истиқлолининг 10 йиллик қутлуғ тўйи билан яна бир бор табриклайман.
Сизларга янги-янги ижодий ютуқлар, сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга бахту саодат тилайман. Илҳомингиз, исгеъдодингиз янада зиёда бўлсин, ҳамиша мухлисларингиз, халқимиз ардоғида бўлинг.
Эътиборингиз учун ташаккур.