• Манзил: Тошкент шаҳри, Навоий ко'часи, 34.

  • Боғланиш: (+99871) 244-32-93
    milliy.teatr@mail.ru

МИРХОСИЛ (ТЎЙЧИ) ОРИПОВ

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1928)

 Истеъдодли театр актёри Т.Орипов 1928 йилда Тошкентда таваллуд топди. У меҳнат фаолиятини даставвал асфальт-бетон заводида, сўнгра троллейбус паркида ҳайдовчи сифатида бошлайди. 1951 йилда Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театрига актёр сифатида ишга қабул қилинади. 1953 йилда А.Н.Ост¬ровский номли Тошкент театр ва рассомлик санъати (ҳозирги Санъат) институтини битиргач, йўлланма билан Кўқон шаҳридаги Ҳамза номли театрга ишга юборилади ва 1958 йилгача мазкур театрда ишлайди. Т. Орипов Қўқон театрига келиши билан асосий ролларни ижро эта бошлади. Унинг ижросидаги Деҳқонбой ("Шоҳи сўзана"), Мамат ("Нурхон"), Незнамов ("Айбсиз айбдорлар") образларини томошабинлар илиқ қарши олди. Актёр талқин этган барча сиймолар турли миллатга мансуб ва ранг-баранг. Бахтиёр ("Юрак сирлари"), Ибн Салом ("Лайли ва Мажнун"), Мамарасул ("Оғриқ тишлар"), Франц Моор ("Қароқчилар"), Йўлчи ("Қутлуғ қон"), Рустамжон ("Холисхон") каби роллардан кўриниб турибдики, улар турли характердаги — гоҳ комик, гоҳ фожиавий ва мураккаб образлар бўлса ҳам Т.Орипов уларни ниҳоятда жонли, ҳаётий ва табиий тарзда гавдалантиради. 1958 йили Т.Орипов Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат (ҳозирги Ўзбек Миллий) академик драма театрига ишга таклиф қилинади. Ҳамза театридек қутлуғ даргоҳда Олим Хўжаев, Шукур Бурҳонов, Обид Жалилов, Наби Раҳимов, Саъдихон Табибуллаев, Лутфулла Назруллаев, Зайнаб Садриева каби машҳур санъаткорлар билан ижодий ҳамкорликда, ёнма-ён ишлаш актёрдан жуда катта масъулиятни, тайёргарликни талаб этарди. Т.Орипов устозлари — таниқли театр режиссёрлари Тошхўжа Хўжаев, Александр Гинзбург, режиссёр ва актёр Шариф Қаюмовлардан саҳна сирларини ўрганди. Саҳна санъатининг ушбу етук усталари маҳоратидан сабоқ олди ва улар саҳналаштирган бир қатор спектаклларда ажойиб образлар яратиб, халққа танилди. У ижро этган Каримжон (Уйғун, "Ҳуррият"), Завқий (М.Авезов, "Фурқат"), Розенкранц (Шекспир, "Хамлет"), Абдураззоқ (Шайхзода, "Мирзо Улуғбек"), Синтаро (М.Каору, "Ўғирланган умр"), Солиҳбой (Ҳамза, "Бой ила хизматчи"), Креонт (Софокл, "Шоҳ Эдип") каби бир қанча роллар ҳаётийлиги ва тўлақонлилиги билан томошабинларга манзур бўлди, матбуотда ижобий баҳоланди. Ижодий изланищда тинмай давом этган актёр гоҳ саҳнада, гоҳ телевидениеда, гоҳ киноэкранда тез-тез кўрина бошлади. У телевидениеда қўйилган қатор телеспектаклларда бош ролларни ижро этди. Бадрий (Н.Сафаров, "Тарих тилга кирди"), Ракетин (Го¬голь, "Шинелли йиллар"), Алиев (Ў.Ҳошимов, "Ёз ёмғири"), Пўлат (Мирмуҳсин, "Умид"), меъмор (П.Қодиров, "Меъмор"), Нусратхўжа (О.Ёқубов, "Диёнат"), Маждиддин (Ойбек, "Навоий"), Муҳиддин Жабборович (Ў.Усмонов, "Гирдоб"), Зариф ака (Турғун Пўлат, "Ичкуёв") каби қатор роллар актёрнинг телевидениедаги муваффақиятли ижоди маҳсулидир. Т.Орипов бу образларни шундай жонли ва табиий тарзда яратдики, унинг ижросида ҳийла-найрангга уста вазир Маждиддиннинг маккор қиёфаси (Ойбек "Навоий"), ёш олимларнинг йўлига ғов бўлган, раҳм-шафқатни билмайдиган дог¬матик олим Муҳиддин Жабборовичнинг ҳаёсизлиги, (Ў.Усмонов, "Гирдоб"), бойлик йўлида ҳар қандай туҳмат ва пасткашликдан қайтмайдиган Зариф аканинг (Т.Пўлат, "Ич¬куёв") қилмишлари маҳорат билан очиб берилади. Умуман, Т.Орипов телеспектаклларда яратган образлари билан кенг жамоатчиликка янада яқиндан танилди, ҳурматга сазовор бўлди. Т.Орипов "Ўзбекфильм" киностудиясида яратилган бир неча фильмларда ҳам суратга тушди. Унинг ижросидаги Эшмат ("Фарғоналик бешовлон"), Мавлон ("Сайёд қўнғироқлари"), Эшматвой ("Шум бола") образлари ва бошқалар актёр ижодининг ютуқлари бўлди. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Т.Орипов ўзи севган энг яхши образларни театр саҳнасида яратди. Агар жиддий эътибор берилса, 70—80 йилларда Ҳамза номли театрда саҳналаштирилган бир нечта муҳим спектакллардаги асосий роллар Т.Ориповга топширилди ва актёр уларни ниҳоятда моҳирлик билан ижро этиб, томошабин таҳсинига сазовор бўлди. "Абу Райҳон Беруний"да Маҳмуд Ғазнавий, "Қиёмат қарз"да Нўъмон Назаров, "Ғариблар"да Левицкий, "Юлдузли тунлар"да Шайбонийхон, "Келинлар қўзғолони"да Маҳкамбой " каби ўнлаб образлар нафақат унинг ижоди, балки театрнинг 70—80 йилларда эришган ютуқлари сирасига киради. 1987 йилда бир гуруҳ актёрлар Маданият вазирлиги тавсияси билан Аброр Ҳидоятов номли (собиқ "Ёш гвардия") театрга ишга юборилди. Т.Орипов ўз ҳамкасблари билан шу театрда бир неча йил ишлаб, анча-мунча йирик ролларни ижро этди. Актёр 1994 йилдан бошлаб яна севимли театри — Ўзбек Мил¬лий академик драма театрида қадрдон ҳамкасблари билан ижод қилмоқда, янги-янги образлар яратиш устида ишламоқда. Т.Ориповнинг серунум ва сермазмун ижоди муносиб тақдирланди. 1979 йилда унга "Ўзбекистон халқ артисти" фах¬рий унвони берилди. Аброр Ҳидоятов номидаги театрда саҳналаштирилган Шукур Холмирзаевнинг "Қора камар" спектаклидаги Бобобеков роли учун у Республика Давлат мукофотига сазовор бўлди. Санъаткор 1998 йилда "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан мукофотланди.

  • Категория :
  • Дата :15-12-2020, 22:08