МАХСУМ ЮСУПОВ
ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1912-1983)
Махсум Юсупов 1912 йилда Тошкентда туғилган. У ўз фаолиятани 1932 йилда Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театри (ҳозирги Ўзбек Миллий акаде¬мик драма театри) да оммавйй саҳналарда қатнашиш билан бошлаган. Кейинчалик у театрда саҳналаштирилган спектаклларда асосий ролларни ижро эта бошлаб, 1938 йил¬да Нодир (Мдивани, "Номус"), 1939 йилда Полоний (В.Шекспир, "Ҳамлет"), Родриго ("Отелло") образларини яратган. Махсум Юсупов 40-йилларда Ғофур (Ҳамза, "Бой ила хизматчи"), Виктор (А.Сафронов, "Москваликлар характери"), князь Звездич (МЛермонтов, "Маскарад") образларини моҳирлик билан яратиб, томошабинлар эътиборини қозонди. Ўз устида тинмай ишлаш, изланиш натижасида Махсум Юсупов ролдан ролга ўсиб, маҳорат чўққиларини эгаллай бошлади. 50-60 йилларда яратган Деҳқонбой (А.Каҳҳор, "Шоҳи сўзана"), Йўлчи (Ойбек, "Қутлуғ қон"), Ғойиб (Уйғун, "Қотил"), Рустам (Ширвонзода, "Номус") образларида актёрнинг катта истеъдод ва маҳорат соҳиби эканлиги аниқ намоён бўлди. Махсум Юсупов инсон сифатида жуда жиддий, бир сўзли ва ишончли одам эди. Унинг характеридаги ана шу хусусиятлар у яратган образларда ҳам мавжуд. Шунинг учун ҳам актёр яратган образлар ҳаётийлиги, жонлилиги, ишонтириш кучининг зўрлиги ва катта жозибаси билан томошабинларни мафтун этади. Биз саҳнада Махсум Юсуповни эмас, балки чин Ғофурни, Йўлчини, Деҳқонбойни, Орифни, Рустамни, Родригони ва бошқа асар қаҳрамонларини кўрамиз. Ҳақиқатан ҳам, Махсум Юсупов яратган образлар сунъийликдан, схематизмдан ва сохталикдан мутлоқ йироқ бўлиб, жонли ва жозибали эдилар. Махсум Юсупов Ориф (И.Сўлтон, "Имон”, 1960), Ос¬вальд (В.Шекспир, "Қирол Лир”, 1966), Келгинди (А.Островский, "Сўнгги қурбон", 1967), Келдиев (Ў.Умарбеков, "Комиссия", 1975) каби образларда ҳам турли давр, турли жамиятларнинг вакилларига мос бўёқларни ниҳоятда усталик билан топган ва уларни ишончли тарзда ифода этган. Актёрни халққа яқиндан танитадиган санъат тури бу кино ва телевидениядир. Махсум Юсупов кинода, айниқса телевидениеда томошабин хотирасидан ўчмайдиган бир нечта жозибали образлар яратди. Наби Ғаниевнинг "Фарғона қизи" бадиий фильмидаги Олимжон, Ў.Ҳошимовнинг "Hyp борки, соя бор" телефильмидаги Соқи Соқиевич, О.Ёқубовнинг "Улуғбек хазинаси" даги Бой, Ойбекнинг "Навоий" сидаги Низомулмулк, Ўктам Усмоновнинг "Гирдоб" идаги кекса олим ана шундай образлардандир. Махсум Юсуповнинг ижодий меҳнати муносиб тақдирланди. 1964 йилда унга "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони берилди. Махсум Юсупов 1983 йилда Тошкентда вафот этди.