• Манзил: Тошкент шаҳри, Навоий ко'часи, 34.

  • Боғланиш: (+99871) 244-32-93
    milliy.teatr@mail.ru

САЪДИХОН ТАБИБУЛЛАЕВ

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1906-1992)

 Истеъдодли театр ва кино актёри Саъдихон Табибуллаев 1906 йилда Бухорода туғилган. 1922 йилда Бухоро педагогика билим юртида, 1924—1927 йилларда Москвадаги Ўзбек драма студиясида таҳсил олди. 1927 йилдан то умрининг охиригача Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театри (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри)нинг актёри сифатида фаолият кўрсатди. С. Табибуллаевнинг Ёсуман (Хуршид, "Фарҳод ва Ширин"), Вурма (Ф. Шиллер, "Макр ва муҳаббат"), Озрик (В.Шекспир, "Ҳамлет"), Хлестаков ой. Гоголь, "Ревизор") каби илк роллари актёр тажрибасининг ошишида, ижодий услубининг шаклланишида ва йирик-йирик образлар яратишга ҳозирлик кўришида муҳим аҳамиятга эга бўлди. С. Табибуллаев катта диапазонга эга бўлган тажрибали актёр эди. Бу ижодкор учун ҳеч қачон ролнинг катта-кичиги бўлмаган. Қайси характердаги ролни ижро этмасин, уни ҳар томонлама пухта талқин этишга, образнинг инсоний хусусиятларини, ижтимоий моҳиятини тўла очишга ҳаракат қилади. Бунда у турли тана ҳаракатлари, имо-ишоралардан усталик билан фойдаланади. С. Табибуллаев ижро этган Мансур (Уйғун ва Иззат Султон, "Алишер Навоий"), Нурбобо (Иззат Султон, "Номаълум киши"), Собиров ("Имон"), Мирзакаримбой (Ойбек, "Қутлуғ қон"), Сухсуров (А. Қаҳҳор, "Тобутдан товуш"), Телегин (А. Чехов, "Ваня тоға"), Масхара (В. Шекспир, "Қирол Лир") каби юзга яқин образлар ўзининг ҳаётийлиги, табиийлиги, тўлақонли талқин этилгани билан ажралиб туради. "Алишер Навоий" спектаклидаги С. Табибуллаев талқинидаги Мансур дастлаб томошабин кўзи ўнгида анча мусаффо инсондек кўринади. Маждиддин Мансурни бир неча бор ўз домига илинтирмоқчи бўлганда, ундан рад жавобини олади. Чунки, Мансур Навоий томонидан мамлакат ва халқ манфаати йўлида олиб борилаётган ишлар моҳиятини тушунгандай бўлади ва Навоийни ўзига устоз деб билади. "Ёвузнинг қўлида ханжар бўлишни истамайди". Халқнинг одил талабига биноан Навоий амри билан Мансурнинг отаси Музаффар Мирзонинг қатл этилиши Маждиддинга жуда қўл келади. У "ҳақиқий фарзанд бўлсанг, отангнинг қасдини олишинг керак", — деб Мансур қалбида Навоийга нисбатан ғазаб уйғотади. Мансур характеридаги қасоскорлик ҳисси устун чиқади. У Навоийнинг жосусига, кушандасига айланади. Охири, Навоийни заҳарламоқчи бўлади. Мансур характеридаги кучли ички кечинма, салбий томонга жиддий ўзгариш актёр ижросида ниҳоятда аниқ ва ишончли тарзда кўрсатилган. "Номаълум киши"даги Нурбобо халқ озодлиги йўлидаги улуғ ишга мадад беришга бел боғлайди. Нурбобо яккаю-ягона қизи Ойхондан, ажралган, набираси Турғунойни тарбиялаб вояга етказган. Ҳаётдаги ноҳақликларга чидай олмай кўзларидан ажралган нуроний инсон. Бироқ, у шундай оғир вазиятда ҳам тушкунликка тушмайди, келажакка умид билан боқади. Нурбобо характеридаги сабр-тоқатлилик, эртанги кунга камоли ишонч билан қараш актёр ижросида ёрқин ифода этилган. С. Табибуллаев А. Қаҳҳорнинг "Тобутдан товуш" комедиясидаги Сухсуровни ўйнар экан, унинг ижодий имкониятида бой комик бўёқлар ҳам мавжуд экани намоён бўлди. Ўзбек кино санъатининг равнақи ҳақида гап борганда Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурҳонов, Олим Хўжаев, Обид Жалилов, Аббос Бакировлар қаторида Саъдихон Табибуллаев номини ҳам фахр билан эслаймиз. С.Табибуллаев 1943 йилдан бошлаб кинофильмларда суратга туша бошлади. Машҳур "Тоҳир ва Зуҳра" фильмидаги Хоразм шоҳи образи унинг кинодаги дастлабки образидир. Шундан сўнг бирин-кетин турли жанрдаги кино асарларида қатор образлар яратди. "Насриддиннинг саргузаштлари"даги чол, "Алишер Навоий"даги Жомий, "Бой ила хизматчи"даги элликбоши, "Ҳамза"даги савдогар, "Маҳаллада дув-дув гап"даги табиб, "Узоқ ва яқин йиллар"даги Тожи ака, "Оловли йўллар"даги Дарвеш каби образлар С.Табибуллаевнинг кино санъатидаги кўп йиллик самарали ижоди маҳсулидир. У "Ўзбекфильм" киностудиясида дубляж қилинган юзлаб фильмларга овоз берган. С.Табибуллаевнинг сермазмун ва сермаҳсул ижодий фаолияти 1949 йилда "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони билан тақдирланган. Шунингдек, актёр 1949 йилда "Алишер Навоий" фильмидаги Жомий образи учун Давлат мукофотига сазовор бўлди. 1967 йилда Ўзбекистон Республикаси Дав¬лат мукофоти билан тақдирланди. Саъдихон Табибуллаев 1992 йилда Тошқент шаҳрида вафот этган. Истеъдодли актёр Саъдихон Табибуллаев ўзбек театр ва кино санъати тарихида ўзига муносиб ҳайкал қўйиб кетди.

  • Категория :
  • Дата :15-12-2020, 21:40