ШАРИФ КАЮМОВ
ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1905-1973)
Таниқли театр актёри ва режиссёри Шариф Қаюмов 1905 йилда Бухорода туғилган. 1927 йилда Москвадаги Ўзбек драма студиясини тугатгач, Ҳамза номли (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма) театрида ўз меҳнат фаолиятини бошлаб, умрининг охиригача шу ижо¬дий жамоада актёр ва режиссёр си¬фатида самарали ишлади. Ш.Қаюмов Фердинанд (Ф.Шиллер, "Макр ва муҳаббат"), Шпихольберг ("Қароқчилар"), Горацио (Шекспир, "Хамлет"), Осип (Гоголь, "Ревизор"), Труфальдино (Мольер, "Икки бойга бир малай"), Перчихин (М.Горький, "Мешчанлар"), Цитлий (Биль-Белоцерковский, "Ҳаётбахш фожиа") каби образларни катта маҳорат билан яратган. Ўзбек драматурглари асарлари асосида қўйилган спектаклларда у томонидан яратилган Назирий (К.Яшин ва А.Умарий, "Ҳамза"), Пири Зиндоний (М.Шайхзода, "Мирзо Улуғбек") образлари ўзбек театри тарихида алоҳида ўрин тутади. Ш.Қаюмов М.Шайхзоданинг "Мирзо Улуғбек" трагедиясида подшоҳ томонидан зиндонга солинган ва эллик йил шу ерда ётиб, "Пири Зиндоний" лақабини олган халқ исёнкори характерининг олмос қирраларини ниҳоятда ишончли ва ҳаётий кўрсата олди. Шекспирнинг "Ҳамлет" фожиасидаги Горацио Шариф Қаюмов ижросида Ҳамлетнинг энг садоқатли дўсти, маслакдоши ва сирдоши сифатида акс эттирилган. Ш.Қаюмовга қандай рол топширилмасин, унинг устида жиддий ишлар, ўзи яратмоқчи бўлган образни атрофлича ўрганар ва шундан кейингана саҳнага чиқар эди. Шунинг учун ҳам унинг саҳнада яратган образлари ҳаётийлиги, таъсирчанлиги ва катта жозибаси билан алоҳида ажралиб туради. Саньаткор ижро этган бирорта рол йўқки, уни томошабин самимий қарши олмаган, ундан таъсирланмаган бўлсин. Ўзбек театр санъати тарихида ўз ўрнига эга бўлган Ш.Қаюмов кўплаб эсда қоларли образлар яратиш билан чегараланиб қолмади, балки режиссёрлик соҳасида ҳам ибратли ишларни қилди. Ҳамза театрида, у Гоголнинг "Уйланиш", Н. Сафаровнинг "Уйғониш", А.Ржевский, М. Кацнинг "Олеко Дундич", Лопе де Веганинг "Қўзибулоқ қишлоғи" асарларини, А.Гинзбург билан ҳамкорликда Гоголнинг "Ревизор", Т.Хўжаев раҳбарлигида Уйғуннинг "Парвона" асарларини саҳналаштирди. Республика радиосида Хемингуэйнинг "Чол ва денгиз" асари ва И. Тургенев асарлари асосида тайёрланган радиопостановкаларга режиссёрлик қилди. Кўплаб ёш ва истеъдодли актёрларни ўзи режиссёрлик қилган асарларга жалб қилди. Уларнинг санъатда ўз ўрниларини топишларига кўмакдош бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон халқ артисти Тўлқин Тожиев шундай дейди: "Шариф Қаюмов ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам талабчан, интизомли ва меҳнатсевар санъаткор эди. Инсон сифатида жуда яхши, беғараз одам эди. Ҳамза номли театрда ва республика радиосида режиссёр¬лик қилган спектакль ва радиопостановкаларига кўплаб ёш истеъдодли актёрларни жалб этар эди. У "Ревизор" асарини саҳналаштирганда менга Бобчинский ролини, отамларга (Ўзбекистон халқ артисти Жўра Тожиев — Ў.Ш.Добчинский ижросини тавсия этганлар. Радиода Эрнест Хемингуэй¬нинг "Чол ва денгиз" ҳикояси ва И.Тургенев асарлари асоси¬да тайёрланган радиопостановкалардан менга роллар берганлар. "Алангали йиллар" фильмида бирга иштирок этганмиз. Улар менинг домлам ролини ўйнаганлар. Шариф ака театр санъатининг нозик сирларини чукур ҳис этар ва ушбу санъатни жуда қадрлар эди. Билганларини биз ёшларга ўргатишдан ҳеч чарчамасди. Менинг актёрлик санъатини мукаммал эгаллашимда Шариф аканинг хизматлари бениҳоя катта бўлган". Таниқли ўзбек актёри ва режиссёри Шариф Қаюмовга 1952 йилда "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони берилган эди. Шариф Қаюмов 1973 йилда Тошкентда вафот этган.