МИРШОХИД МИРОКИЛОВ
ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1899-1959)
Актёр ва режиссёр Миршоҳид Мироқилов 1899 йилда Қўқонда туғилган. М.Мироқиловнинг ижоди. 1915 йилда бошланган. Дастлаб, у Абдулла Авлоний раҳбарлигидаги "Турон" труппасининг Тошкентдан Қўқонга келиб кўрсатган спектаклларида қатнашган. 1918—1925 йилларда Ҳамза билан бирга Кўқонда ўзбек театрини ташкил этишда фаол қатнашди. Бу театрда у Рафиқ Мўминнинг "Ёрилтош" (1925), Гоголнинг "Уйланиш" (1922—1926), Ҳамзанинг "Бой ила хизматчи" (1928) асарларини саҳнага қўяди. М.Мироқилов 1925—1927 йилларда Самарқанддаги Марказий сайёр труппанинг директори ва актёри бўлиб ишлади. 1927-1959 йилларда Ҳамза номидаги Ўзбек давлат академик драма театри (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри) нинг актёри сифатида самарали фаолият кўрсатди. У Муҳимий театрининг ташкилотчиларидан бири бўлиб, ушбу театр 1939 йилда у саҳнага қўйган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий қаламига мансуб "Майсаранинг иши" спектакли билан очилган. М.Мироқилов республикамизда янги театрларни ташкил этиш, спектаклларни саҳнага қўйиш билан бир қаторда суйган санъати—актёрликни тарк этмади. У илк бор 1920 йилда М.Уйғурнинг "Туркистон табиби" комедиясидаги Эшимқул ролини ижро этиб муваффақият қозонган эди. Унинг актёр сифатида шаклланишида Ҳамза Ҳакимзоданинг драматурглик маҳорати, ўзбек анъанавий театри, озарбайжон комедияларининг таъсири катта бўлди. Кичик роллар устаси бўлган комик актёр М.Мироқилов ўз ижодида халқ қизиқчилари анъаналарини янги театр услуби билан боғлай олди. Ижрода пантомима ва мимикага жиддий эътибор берди. М.Мироқилов яратган "Туҳматчилар жазоси" (1920) даги Акбарали, "Бой ила хизматчи" (1939) даги элликбоши, "Майсаранинг иши" (1939) даги Мулладўст, "Ҳамлет" (1935) даги гўрков, "Қалтис ҳазил" (1944) даги Мамарасул, "Ревизор" (1952) даги Бобчинский, "Оғриқтишлар" (1954) даги Ризамат каби сатирик ва юмористик образлар томошабинларга манзур бўлиб, унга шуҳрат келтирди. Санъаткор гарчи бош ролларни ўйнамай кичик роллар би¬лан банд бўлган эса-да, ўз ролини шундай жонли, шундай ҳаётий ва қойилмақом қилиб ижро этардики, томошабинлар унинг ҳар бир саҳнага чиқишини интизорлик билан кутар эдилар. Чунки М.Мироқилов саҳнада пайдо бўлиши биланоқ томошабинни ўзига жалб этиб, ҳар қандай томошага жон киритиб юбориш қобилиятига эга бўлган истеъдодли актёр эди. М.Мироқилов концертларда конферансьелик қилган ва бадиий фильмларда ҳам эпизодик ролларда суратга тушган. Унинг "Насриддиннинг саргузаштлари", "Мафтунингман" ва бошқа фильмлардаги эпизодик ролларини санъат шайдолари ҳанузгача унутганлари йўқ. Улар бу фильмларни ҳали ҳамон мароқ билан томоша қиладилар. М.Мироқиловнинг ижодий фаолияти муносиб тақдирланди. 1937 йилда унга "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони берилди. Туғма комик актёр, режиссёр ва ўзбек театр санъатининг ташкилотчиларидан бири — Миршоҳид Мироқилов 1959 йил¬да Тошкент шаҳрида вафот этди.