САЙФИ ОЛИМОВ
ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1901-1984)
Таниқли театр актёри Сайфи Олимов 1901 йили Тошкентда таваллуд топди. Актёрлик фаолиятини 1918 йилда Тошкентнинг эски шаҳар қисмида жойлашган халқ маорифи ҳузуридаги "Элтузар" труппасида бошлайди. 1919 йилда эса Маннон Уйғур таклифига биноан Ўзбек драма труппасига ишга киради. 1924—1927 йилларда Ҳ.Носирова, М.Муҳамедов, З.Қобулов, Н.Алиевалар билан бирга Бокуда Ф.М.Охундов номли театр техникумида таҳсил олади. 1927 йилдан то умрининг охиригача Ҳамза номли Ўзбек Давлат академик драма театри (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри)да етакчи актёр сифатида ишлайди. Сайфи Олимов режиссёрлик соҳасида ҳам фаолият кўрсатиб, 1931—1932 йилларда Ишчи-ёшлар театрида, 1935—1937 йилларда Хоразм вилояти мусиқали драма театрида, 1937— 1940 йилларда Республика колхоз-совхоз театрида бир қатор спектаклларни саҳнага қўяди. Маннон Уйғурнинг "Туркистон табиби" спектаклидаги табиб С.Олимовнинг театр саҳнасида ижро этган биринчи роли эди. Шундан кейин у жаҳон классиклари, ўзбек ва рус драматурглари асарлари асосида саҳналаштирилган ўнлаб спектаклларда роллар ижро этиб, ўз ижодий қиёфасига эга бўлди. Ўзбек театр санъатида муносиб ўрнини топди. Актёр яратган Бой (Ҳамза, "Бой ила хизматчи", 1919), Маҳмудхон (Ҳамза, "Заҳарли ҳаёт", 1920), Миллер (Шиллер, "Макр ва муҳаббат", 1921), Султонбек (У.Ҳожибеков, "Аршин мол алан", 1922), Халифа (Фитрат, "Або Муслим", 1922), Ибн Салом (У.Ҳожибеков, "Лайли ва Мажнун", 1924), Хоқон (Хуршид, "Фарҳод ва Ширин", 1926), Исмоил (К.Гоцци, "Маликаи Турандот", 1927), Панталоне (К.Гольдони, "Икки бойга бир малай", 1927), Полоний (Шекспир, "Ҳамлет", 1935), Шаҳар ҳокими (Гоголь, "Ревизор", 1935), Мирзараҳим (Ҳамза, "Холисхон", 1940), Монтано (Шекспир, "Отелло", 1941), Фируз (Ҳ.Олимжон, "Муқанна", 1943), Кнуров (А.Н.Островский, "Сепсиз қиз", 1944), Насавий (М.Шайхзода, "Жалолиддин", 1944), Жомий (Уйғун ва И.Султон, "Алишер Навоий", 1945), Вурм (Шил¬лер, "Макр ва муҳаббат", 1951), Карим (Н.Ҳикмат, "Туркия ҳақида ҳикоя", 1953), Алиохун (Ойбек, "Қутлуғ қон", 1954), Даниэль (Шиллер, "Қароқчилар", 1955), Қодирқул (Ҳамза, "Бой ила хизматчи", 1958), Эшон ака (Уйғун, "Ҳуррият", 1958), Санжаров (И.Султон, "Имон", I960), Отамурод (М.Шайхзода, "Мирзо Улуғбек", 1961), Раҳмонқул (И.Султон, "Номаълум киши", 1963), Иброҳим Аҳмад (С.Азимов, "Замон драмаси", 1968), Абдусалом (Э.Воҳидов, Олтин девор", 1970), Пако (В.Личков, "Мен Чилига ишонаман", 1975) каби ҳаётий, тўлақонли, рангоранг образлар ҳамон томошабинлар хотирасидан ўчгани йўқ. С.Олимов учун ҳеч қачон катта-кичик рол бўлмаган, у ўзига топширилган ҳар қандай ролни маромига етказиб ижро этган. Шундай бўлса-да, актёр ижро этган Полоний, Жомий, Вурм, Алиохун, Қодирқул, Эшон ака, Санжаров, Иброҳим Аҳмад, Абдусалом, Раҳмонқул каби ролларни алоҳида тилга олиб ўтиш жоиз. Негаки айни шу роллар актёр ижодининг гултожлари бўлдилар. 1960 йили Ҳамза театрида саҳналаштирилган ва 60-йиллар ўзбек драматургияси ҳамда театр санъатида муҳим ўрин тутган "Имон" спектаклида актёр талқин этган Санжаров сотқин ва ҳасадгўй, кўнгли қора ва манфаатпараст, сурбет ва мулкка ҳирс қўйган шахсдир. Одамлардан ўч олишга интилувчи Санжаров профессор Комиловга ўзини дўст тутишда ҳам, Орифни қинғир йўлга етаклашда ҳам ўз манфаатини кўзлайди, ўз жирканч фалсафасига таянади. У Комилов ёрдамида "шу вақтгача ҳаром-хариш йўллар билан орттирган бойлигини энди бемалол оёқ узатиб еб ётмоқ учун" илмий текшириш институтига ишга кириб, "иссиқ жойга канадек" ёпишиб олади. Профессор Юсуповнинг қўлёзмаси Санжаровнинг қўлига тушиши унга айни муддао бўлади. У бу ишдан ўзи фойдалана олмайди. Чунки унинг қўлидан "бундай иш келмаслиги ҳаммага аён". Шу сабабли ҳам у бу ишни Орифга тутқазади ва уни жиноят йўлига бошлайди. Шундай қилса у Комиловлар уйида ўзига содиқ "қул" топади ва ўрни келганда Комиловнинг тилини қисиш имкониятига қам эга бўлади. Сир очилганида эса яна иккиюзламачилик қилиб, Комиловдан ёпиқ қозон ёпиқлигича қолишини сўрайди. Ана шундай мураккаб инсон характерини С.Олимов моҳирона очиб бера олган. Актёр яратган бошқа образлар ҳақида ҳам шундай илиқ фикрларни айтиш мумкин. С.Олимов актёрлик билан режиссёрлик фаолиятини бақамти олиб бориб, Ж.Жабборлининг "Ойдин" (1928), З.Фатхуллиннинг "Истиқлол" (1933), У.Исмоиловнинг "Рустам" (1934), М.Шайхзоданинг "Жалолиддин" (М.Уйғур, Ш.Қаюмов, А.Турдиев, Н.Раҳимовлар билан ҳамкорлиқда,1944), Ишчи-ёшлар театрида Отабековнинг "Ўжар" (1932), У.Исмоиловнинг "Пахта шумғиялари" (1932), Хоразм театрида Ҳамзанинг "Бой ила хизматчи", Гоголнинг "Уйланиш", К.Яшиннинг "Номус ва муҳаббат" каби спектаклларини саҳнага қўйган. С.Олимов "Насриддиннинг саргузаштлари", "Мафтунингман", "Амирликнинг емирилиши", "Қаҳрли кунлар тарихи" каби бадиий фильмларда эпизодик ролларни ҳам ўйнаган. Республика радиосида тайёрланган радио инсценировкаларда иштирок этган. Сайфи Олимовнинг фарзандлари ҳам оталари изидан бориб санъат соҳасида фаолият кўрсатишди. Феруз Олимов "Ўзбекфильм" да ва Ўзбекистон телевидениясида кўп йиллардан бери оператор сифатида хизмат қилган бўлса, Рустам Олимов ўзининг бетакрор тасвирий санъат асарларини халқаро миқёсдаги кўргазмаларда намойиш этиш шарафига муяссар бўлди. Ўзбек миллий театри актёрларининг биринчи авлодига мансуб бўлган Сайфи Олимов 1950 йилда "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвонига сазовор бўлди. Орден, медаллар ва фахрий ёрлиқлар билан мукофотланди. Сайфи Олимов 1984 йилда Тошкентда вафот этди.