• Манзил: Тошкент шаҳри, Навоий ко'часи, 34.

  • Боғланиш: (+99871) 244-32-93
    milliy.teatr@mail.ru

АБРОР ХИДОЯТОВ

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1900-1958)

 Буюк ўзбек актёри Аброр Ҳидоятов 1900 йилда Тошкентда туғилди. Саводини эски мактабда чиқаради. 1918 йили Маннон Уйғур Ўзбек драма театрини ташкил қилади ва унга Обид Жалилов, Сайфи қори Олимов, Аброр Ҳидоятов каби ёшларни жалб этади. Неъмат (Ғ.Зафарий, "Ҳалима"), Асқар (У.Ҳожибеков, "Аршин мол олан"), Вурм (Шиллер, "Макр ва муҳаббат") каби образлар А.Ҳидоятовнинг театр саҳнасида яратган илк образлари бўлди. Ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам талабчан актёр Аброр Ҳидоятовнинг яратган образларидан ҳар доим ҳам кўнгли тўлавермасди. Ҳақиқий актёр бўлиш учун мукаммал билим ва катта малака зарурлигини тушунган Аброр Ҳидоятов Москвадаги Ўзбек театр студиясига ўқишга кириб, В.Канцель, Р.Симонов, И.Толчанов, О.Басов, Л.Свердлин каби санъаткорлардан таълим олади, реалистик саҳна санъати сирлари ҳақида чуқур назарий ва амалий билимга эга бўлади. Ўзбек театр студиясида саҳналаштирилган Мольернинг "Хасис" комедиясида Горгагон, Гоголнинг "Ревизор" асарида Сквозник-Дмухановский образларини яратади. Умуман, Москва студиясида ўқиш А.Ҳидоятовнинг келгусидаги ижодий парвозида муҳим аҳамиятга эга бўлди. 1927—1935 йилларда А.Ҳидоятов Саримсоқ (К.Яшин, "Ёндирамиз"), Рустам (У.Исмоилов, "Рустам"), Шопур (Хуршид, "Фарҳод ва Ширин"), Франдоса (Лопе де Вега, "Қўзибулоқ қишлоғи" ) каби ролларни ижро этиб, маҳорат пиллапояларидан аста-секин кўтарила борди ва етук образларни яратиш йўлида жиддий тайёргарлик кўрди. 1935 йилда Ҳамза театрида В.Шекспирнинг "Ҳамлет" трагедиясининг премьераси бўлди. Режиссёр Маннон Уйғур саҳналаштирган бу асарда актёр Ҳамлет ролини ижро этди, бу спектакль халқ орасида катта муваффақият қозонди. "Хамлет" спектакли, айниқса, Ҳамлет образи ўзбек театр санъати тарихида улкан воқеа бўлди, десак муболаға бўлмас. Асар томошабинларнинг муҳаббатини қозонганлиги сабабли кетма кет 21 кун кўрсатилди. Театр жамоатчилиги, чет эллик санъат мухлислари спектаклга ва Ҳамлет образига қойил қолдилар. Чиндан ҳам А.Ҳидоятов яратган Ҳамлет образи нафақат ўзбек театри саҳнасида, балки жаҳон театр санъатида ҳам эришилган кагга ижодий муваффақиятлардан биридир. 1939 йили режиссёр Е.Бобожонов Ҳамзанинг "Бой ила хизматчи" асарини саҳналаштирди ва асардаги Ғофур роли¬ни А.Ҳидоятовга топширди. Ғофур Ҳамлетдан кейин актёр яратган энг ёрқин образлардан биридир. Санъаткорнинг Ҳамза театри саҳнасида яратган, актёрга катта шуҳрат келтирган энг ёрқин "образларидан яна бири 1941 йилда Н.В.Ладигин ва М.Уйғур саҳналаштирган В.Шекспирнинг "Отелло" трагедиясидаги Отелло роли бўлди. Ватанимиз ва чет эллардан келган санъат мухлислари спектаклга, актёрлар истеъдодига, уларнинг ижросига юксак баҳо бердилар. 1945 йилда инглиз пар¬ламента делегацияси театрнинг таассуротлар дафтарига шундай деб ёзган эди: "Биз пьесанинг бундай яхши қўйилганини ҳеч қачон, ҳеч қаерда, ҳатто Лондонда ҳам кўрмаган эдик. Биз айниқса, Отелло билан Дездемона ролини ўйнаган артистлар маҳоратига қойил қолдик". Отелло ролини актёр 18 йил давомида 500 марта ўйнади. Умуман, В. Шекспир ижодини ўзбек халқига манзур қилишда Аброр Ҳидоятовнинг хизматлари бениҳоя каттадир. Кейинчалик Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик дра¬ма театрида ва А. Ҳидоятов номли драма театрида В. Шекспирнинг "Отелло" трагедияси саҳналаштирилди. Ушбу спектаклларни камситмаган ҳолда айтиш керакки, улардаги Отелло билан А. Ҳидоятов Отеллосини тенглаштириб бўлмайди. Чунки, А. Ҳидоятов Отеллоси бетакрор санъатнинг ўлмас намунасидир. А. Ҳидоятовнинг ўзбек тарихий драмаларида яратган бир қатор образлари — Муқанна (Ҳ.Олимжон, "Муқанна", 1943), Темур Малик (М.Шайхзода, "Жалолиддин", 1943), Алишер Навоий (Уйғун ва Иззат Султон, "Алишер Навоий", 1945) кабилар ҳам юксак эътиборга молик образлар сирасига киради. "Аброр Ҳидоятов ўз томошабинига эга забардаст актёр эди,— деб ҳикоя қилади Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуджон Ғофуров. — Аброр ака Ғофур, Ҳамлет, Алишер Навоий ролларини Олим Хўжаевга, Ғофурни Шукур Бурҳоновга бериб, ўзи фақат Отеллони ўйнади. У ҳақиқий Отелло эди. Мен Аброр акадан бошқа актёрни Отелло ролида тасаввур қила олмайман. Аброр Ҳидоятов вафотидан кейин Отелло ролини Шукур Бурҳонов ўйнаши мумкин эди. Аммо, у ўйнамади. Чунки, Отелло Аброр Ҳидоятов ижросида томошабинлар қалбидан чуқур жой олган эди. Аб¬рор Ҳидоятов фожиавий ролларнинг моҳир устаси эди". Аброр Ҳидоятовнинг ўзбек кино санъатида яратган энг яхши роли— 1945 йилда суратга олинган "Тоҳир ва Зуҳра" фильмидаги Сардор образи бўлди. Аброр Ҳидоятов умр йўлдоши, таниқли санъат устаси Сора Эшонтўраева билан кўп йиллар бирга яшашди, бирга ижод этишди, ўлмас образлар яратишди, ҳавас қилса арзийдиган оқил ва фозил фарзандларни тарбиялаб вояга етказишди, муносиб шогирдлар етиштиришди. Буюк истеъдод эгаси Аброр Ҳидоятовнинг ўзбек театр санъати равнақидаги хизматлари "Ўзбекистон халқ артисти" ва 1948 йилда Давлат мукофоти билан муносиб тақдирланган. Халқимизнинг севимли фарзанди Аброр Ҳидоятов 1958 йилда Тошкентда вафот этди. Тошкентдаги марказий кўчалардан бири унинг номи билан аталади. Пойтахтимизда Аб¬рор Ҳидоятов номли драма театри ишлаб турибди. Режиссёр Бобо Хўжаев буюк санъаткор тўғрисида ҳужжатли фильм яратган. Машҳур ўзбек санъаткорининг ўлмас хотираси халқимиз қалбида абадий яшамоқда. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 9 йиллиги муносабати билан ўзбек миллий маданияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун Аброр Ҳидоятов "Буюк хизматлари учун" ордени билан мукофотланди. 2000 йилда республикамиз маданий жамоатчилиги Аброр Ҳидоятов таваллуд топган куннинг 100 йиллигини нишонлади.

  • Категория :
  • Дата :15-12-2020, 21:35