ХАМЗА УМАРОВ
ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1925-1987)
Театр ва кино актёри Ҳамза Умаров 1925 йилда Қўқонда туғилган. 1946—1948 йилларда Тошкент киностудияси қошидаги актёрлик мактабидаўқиган. 1951 йилда АОсгровский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган. Ҳ.Умаров 1950 йилда Муқимий номидаги Ўзбек Давлат мусиқали драма театрида актёр сифатида меҳнат фаолиятини бошлайди. "Армуғон" спектаклидаги Жаъфар ролини муваффақиятли ижро этгач, аста-секин ролданролга ўсиб бориб, ўнлаб психологик теран ва ҳаётий образлар яратди. Ҳ.Умаровнинг театрда яратган сара образлари сифатида Хвенко (Гоголь, "Сорочинск ярмаркаси"), Дангаса Ғани (Уйғун, М.Левиев, "Олтин кўл"), Ҳузурхўжа (К.Яшин, Т.Жалилов, Г.Собитов "Нурхон"), Асфандиёрхон (А.Бобожон, М.Юсупов, "Ғазал фожиаси"), Масхарабоз (В.Шекспир, "Ўн иккинчи кеча") ва бошқаларни кўрсатиш мумкин. Шундай бир давр бўлди: ўзбек киносида бирорта йирикроқ фильм йўқ эдики, унда Ҳамза Умаров иштирок этмаган бўлсин. Ҳамза Умаров кинода кўпгина жонли, ҳаётий образлар яратди. Салимбойвачча ("Қутлуғ қон), Умар ("Маҳаллада дув-дув гап"), Қориев ("Инқилоб чавандозлари"), Мадаминбек ("Фавқулодца комиссар"), Ҳомид ("Ўтган кунлар"), Карим ("Оловли йўллар"), Ботир ("Фарзандлар узоққа борадилар"), Рамеш ("Ганг қизи"), Комиссар Маҳмудов ("Қизил қумлар"), Қўлдошев ("Сени кутамиз йигит"), Жабборов ("Шиддат"), Ҳайрулла ("Еттинчи ўқ"), Абдураҳмон ("Ўзгалар бахти"), Ҳофиз ("Учрашувлар ва айрилиқлар"), Султон киссавур ("Шум бола"), Омон ака ("Шиддатли кунлар тарихи") каби образлар актёрнинг кўп йиллик ижодий изланишларининг маҳсулидир. Ҳ.Умаров кўп қиррали ва маҳсулдор санъаткордир. У фақат образ яратиш билан чегараланиб қолмай, "Бағри тош", "Қайнона", "Ишқинг билан" каби спектаклларни саҳналаштирган. Шунингдек, у "Бағри тош", "Ҳаёт йўли", "Дил тортса", "Ёр юрган кўчалар", "Тонг фарзандлари" пьесаларининг муаллифи ҳамдир. Ҳ.Умаров фильмларни дубляж қилишда ҳам фаол қатнашиб, мингга яқин қаҳрамонларга ўзбекча овоз берган. Кескин драматизм ва эмоционаллик, ўткир юмор, сермазмун мимика Ҳ.Умаровнинг актёрлик маҳоратига хос воситалардир. Ҳ.Умаровга 1967 йилда "Ўзбекистон халқ артисти" унвони берилган. У 1970 йилда Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлди. Ҳамза Умаров 1987 йилда Тошкентда вафот этди.