СОРА ЭШОНТЎРАЕВА
ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1911-1998)
Атоқяи ўзбек актрисаси ва жамоат арбоби Сора Эшонтўраева 1911 йилда Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманидаги Бешбулоқ қишлоғида туғилган. 1922—1925 йилларда Тошкентдаги Зебуннисо номли мактабда ўқийди. Ёшлигидан театр санъатига қизиққан С.Эшонтўраева ўқувчилик давридаёқ Али Ардобус раҳбарлигидаги тўгаракка қатнашади. 1925—1927 йилларда Москвадаги драма студиясида ўқиб, Р.Симонов, В.Канцель, Н.Басов, И.Толчанов, Л.Свердлин каби санъат усталаридан саҳна санъати сирларини қунт билан ўрганиб қайтгач, 1927 йилдан Ўзбек давлат драма труппаси (Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат драма театри) актрисаси сифатида фаолиятини бошлайди. С.Эшонтўраева умрининг охиригача шу жамоада ишлаган, 1943— 1946 ва 1953—1960 йилларда театрга директорлик ҳам қилган эди. Турсуной (В.Ян, Чўлпон, "Ҳужум"), Беатриче (К.Гольдони, "Икки бойга бир малай") С.Эшонтўраеванинг театр саҳнасида яратган илк образлари бўлди. 1927 йиддан бошлаб 60 йил мобайнида Ҳамза номли театрда саҳналаштирилган асосий спектаклларда бош ролларни ижро этиш С.Эшонтўраевага насиб этди. Жамила ("Бой ила хизматчи", 1939), Гулойим ("Муқанна", 1942), Гули ("Алишер Навоий", 1945), Ҳуррият ("Ҳуррият", 1958) каби барча ўзбек томошабинлари учун ибрат бўлган қаҳрамонларни ўйнаб, маданий жамоатчиликнинг назарига тушди ва театр санъатида ўз ўрнини топди. Саҳна санъати тарихида актриса яратган бу ўлмас образларнинг ҳар бири ўз ўрнига эга, уларнинг бирини иккинчисидан устун қўйиш мумкин эмас. Лекин, адолат юзасидан айтганда, Жамила ва Гули образлари санъаткор ижодида алоҳида ўрин тутади. Чунки, С.Эшонтўраевани дастлаб элга танитган ҳам ана шу образлар бўлди. Актриса талқинида Жамила табиатан содда, қалби пок қиздан яхшини ёмондан ажратиб, ўз бахти учун кураша оладиган, иродаси мустаҳкам мустақил шахс даражасига кўтарилади. Гули образида эса у шеърий тил гўзаллигидан тўлиқ фойдаланган ҳолда Гулининг баҳор айёмидай мусаффо шоирона қалбини, нозик ҳис туйғуларини, маънавий юксаклигини, ўз севгисига содиқдигини катта маҳорат билан акс эттиради. Фақат буларгина эмас, жаҳон мумтоз драматургиясининг шоҳ асарлари бўлмиш "Ҳамлет", "Отелло","Қирол Лир" трагедияларида Офелия (1935), Дездемона (1941), Гонерилья ва А.Островскийнинг "Момақалдироқ" асаридаги Катерина (1939) образларини ҳам С.Эшонтўраева ўзбек саҳнасида биринчи бўлиб ижро этиш шарафига муяссар бўдди. Актриса талқинидаги Офелия — барчани ўзидай кўнгли оқ, пок деб биладиган иффатли, назокатли қиз. Дездемона характерида эса нафосат билан бирга ўз мақсади йўлида қатъийлик, шижоат белгилари мавжуд. Катерина — оддий, соддадил, шу билан бирга ўз эрки, озодлиги йўлида мардонавор курашувчи инсон. 50—60 йилларда Ҳамза театри ижодий жамоаси Шарқ мавзусига мурожаат этиб, бир неча ёзувчи ва драматургларнинг асарларини муваффақиятли равишда саҳналаштирди. Улардаги бош ролларни С.Эшонтўраева ижро этди. Турк ёзувчиси Нозим Ҳикматнинг "Туркия ҳақида ҳикоя" пьесасидаги Хатча (1953), араб ёзувчиси Муҳаммад Диб романи асосида тайёрланган "Жазоир — менинг ватаним" спектаклида Айни (1957), япон драматурги Моримото Каорунинг "Ўғирланган умр" асаридаги Седзу (1965), САзимовнинг "Замон драмаси"даги араб аёли Ойша роллари ҳам актриса ижросида томошабинларга манзур бўлди. С.Эшонтўраева "Ўзбекфильм" киностудиясида суратга олинган "Бой ила хизматчи", "Опа-сингил Раҳмоновалар", "Сайёд қўнғироғи" каби бадиий фильмларда етакчи ролларни ижро этди. Ҳамза номли театр спектакли асосида суратга олинган "Шоҳ Эдип" фильм-спектаклида Иокаста образини яратди. Ойбекнинг "Қутлуғ қон", Ч.Айтматовнинг "Биринчи ўқитувчи" телеспектаклларида Гулсум ва Олтиной ролларини ўйнаб, кўпгина радиопостановкаларда қатнашди. У йиллар давомда тўштаган билим, малака ва тажрибасини ёш актёрларга муттасил равишда ихлос билан ўргатарди. Уларни ижод жараёнида доимо кузатиб, камчиликларини тузатиб, ютуқларидан қувонар эди. С.Эшонтўраева XX асрнинг машҳур санъат устаси, умр йўлдоши Аброр Ҳидоятов билан бирга ижод этиб, ўлмас образлар яратди, ҳавас қилса арзийдиган фарзандларни ўстирди. Чеҳрасидан майин табассум балқиб турадиган, хушмуомала, юксак маданият соҳибаси бўлган бу улкан санъаткор жамоат ишларида ҳам фаол эди. С.Эшонтўраеванинг кўп йиллик самарали ижоди "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони, 1949,1967, 1977 йилларда Давлат мукофотлари билан муносиб тақдирланган эди. Сора Эшонтўраева 1998 йилда Тошкент шаҳрида вафот этди.