• Манзил: Тошкент шаҳри, Навоий ко'часи, 34.

  • Боғланиш: (+99871) 244-32-93
    milliy.teatr@mail.ru

АЛЕКСАНДР ГИНЗБУРГ

ЎЗБЕКИСТОН ХАҚЛ АРТИСТИ 
(1916-1973)
 Таниқли режиссёр Александр Гинзбург 1916 йилда туғилган. У 1946 йилда Тошкентдаги Ёш томошабинлар театрида меҳнат фаолиятини бошлайди. Кейинчалик Туркистон ҳарбий округи театрида бош ре¬жиссёр сифатида хизмат қилади. А.Гинзбург ижодининг энг гуллаган даври 1951-1958 ва 1960-1965 йилларга тўғри келади. Бу даврда Ҳамза номли театрда бош режиссёр сифатида самарали меҳнат қилиб, М.Горькийнинг "Мешчанлар", Н.Ҳикматнинг "Туркия ҳақида афсона", "Фарҳод ва Ширин", А.Қаҳҳорнинг "Шоҳи сўзана", (Т.Хўжаев билан ижодий ҳамкорликда), "Оғриқ тишлар", М.Дибнинг "Жазоир — менинг Ватаним", В.Шекспирнинг "Юлий Це¬зарь", М.Шайхзоданинг "Мирзо Улуғбек", Р.Тагорнинг "Ҳалокат" романи асосида "Ганг дарёсининг қизи", Н.Гоголнинг "Ревизор", Леваданинг "Ассалом, юлдузлар", С.Азимовнинг "Қонли сароб", "Юлдузлар жамоли", И.Султоннинг "Номаълум киши" каби спектаклларини муваффақиятли равишда саҳналаштириб, республика маданий жамоатчилиги эътиборини қозонди. Шунингдек, у 1958—1960 йилларда М.Горький номидаги Тошкент рус драма театрида М.Горькийнинг "Қашшоқ қалб қиссаси", А.Арбузовнинг "Иркутск воқеаси" спектакллари¬ни ҳам саҳнага қўйди. А.Гинзбург саҳналаштирган спектакллар матбуотда ижобий баҳоланган эди. Иззат Султон 60 йил¬ларда "Мирзо Улуғбек" спектаклига рецензия ёзиб, асар ҳақида шундай деган эди: "Спектаклнинг постановкачиси А.Гинзбург ишининг характери лаконизмдир. Постановкачи ортиқча майда деталлардан ва юзаки динамикадан қочиб, миёна бир сокинлик (статиклик) доирасида образларни мумкин қадар чуқурроқ ва ёрқинроқ очишга интилади. Персонажлар саҳнада кўп ҳаракат этмайдилар, балки кўп ўйлайдилар, ижрочиларнинг истеъдоди воқеалар тасвирига эмас, персонажларнинг ички дунёсини очишга қаратилган. Бу хусусиятлар трагедия авторининг асарига хос фалсафий чуқурлик билан узвий боғлиқ бўлиб, асарнинг эмоционал қароратига ҳарорат қўшади. Худди ўша руҳда бажарилган декорация ва костюм (рассом Ҳ.Икромов) ҳамда мусиқа (композитор М.Левиев) спектаклга жуда моc" (Иззат Султанов. "Тарих ва замонавийлик". — "Қизил Ўзбекистон",1962 йил 23 январь) А.Гинзбург ўз касбининг моҳир устаси эди. 50-60-70 йилларда Ҳамза театри саҳнасида қўйилган энг машҳур спектакллар унинг сермазмун ижоди маҳсули бўлиб, ўша йиллар¬да отахон театримизнинг ижодий қиёфасини белгилашда муҳим аҳамиятга эга бўлди. А. Гинзбург бу спектаклларни саҳна¬га қўйиш жараёнида кўплаб истеъдодли, ёш театр актёрларини кашф этди, уларнинг санъатда ўз ўринларини топишига туртки берди. Бу ҳақда Ўзбекистон халқ артисти Тўлқин Тожиев шундай ҳикоя қилади: "Александр Осипович Гинзбург диапазони катта, замонанинг муҳим масалаларини чуқур ҳис этадиган ҳозиржавоб санъат устаси эди. У ўз спектакллари орқали бир неча театр актёрларини кашф этди, уларни элга танитди. Яйра Абдуллаева "Қонли сароб"даги Элейн Бендшаль, "Номаълум киши"даги Турғуной, Ирода Алиева "Ганг дарёсининг қизи"даги Камола, "Оғриқ тишлар"даги Насиба, Ойдин Норбоева "Қонли сароб"даги Ақиқа, Эркли Маликбоева "Жазоир — менинг Ватаним"даги жозибали образлари билан томошабинларга яқиндан танилдилар. А.Гинзбург саҳнага қўйган "Ревизор"даги Добчинский, "Сальвадор Альендий"даги Че Гевара образлари менинг ижодимда муҳим ўрин тутади. Мен ҳам А.Гинзбургнинг режиссёрлик санъатидан баҳра олиб вояга етган актёрларданман". "50-70 йиллар Ҳамза театрининг ижодий чўққига чиққан, юксакликка парвоз этган олтин даври бўлди, — дейди Ўзбекистон халқ артисти Яйра Абдуллаева. — Эсимда 60 йилларда А.Гинзбург Нозим Ҳикматнинг "Фарҳод ва Ширин" асарини саҳналаштирган эди. Меҳинбону—Сора Эшонтўраева, Ширин—Ирода Алиева, Фарҳод—Шукур Бурҳонов, Ёсуман— Саъдихон Табибуллаев, Жодугар—Ҳикмат Латиповлар ижросида қойилмақом қилиб саҳнада жонлантирилган эди. А.Гинзбург доим изланувчан, тиниб-тинчимас, меҳнатсевар, драматурглар билан ҳам, актёрлар билан ҳам тил топиб ишлаш қобилиятига эга театр режиссёри, катта истеъдод соҳиби эди. У театрга яхши пьесалар келишини кутиб ўтирмай, ўзи саҳнабоб романларни танлаб олар, уларни инсце¬нировка қилиб саҳнага қўярди. У Р.Тагорнинг "Ҳалокат" романи асосида "Ганг дарёсининг қизи" спектаклини шу тарзда саҳналаштирган. Бу спектакль XX асрнинг 50 йилларида томошабинлар ўртасида қанчалик машҳур бўлган эди. Санъаткор ўзи саҳнага қўйган аксарият спектаклларнинг радио вариантларини ҳам ишлар эди. Мен А.Гинзбург театримизда саҳналаштирган ва радиода инсценировка қилган кўпчилик спектаклларда бош ролларни ижро этганман. "Қонли сароб" даги Элейн Бендшаль, "Но¬маълум киши"даги Турғуной, "Сальвадор Альенди" даги Альендийнинг рафиқаси менинг ижодимда алоҳида ўрин тутади. Мен бир неча ўн йиллар мобайнида А.Гинзбург саҳнага қўйган спектаклларда образлар яратганлигимдан, Шукур Бурҳонов, Сора Эшонтўраева, Марям Ёқубова, Ҳикмат Латипов, Саъдихон Табибуллаев, Зайнаб Садриева, Замира Ҳидоятова каби санъат усталари билан биргаликда роллар ижро этганимдан ҳамон фахрланиб юраман". А.Гинзбург 1956—1966 йилларда Грибоедов номли Тби¬лиси рус драма театрида бош режиссёр, 1966—1967 йилларда Москва Бадиий академик драма театрида режиссёр, 1967— 1971 йилларда Москва Ёшлар театрида режиссёр сифатида меҳнат фаолиятини давом эттириб, ўнлаб спектаклларни саҳналаштирди. А.Гинзбург 1971 йилда яна Тошкентга қайтиб, Ҳамза театрида ишлаб, Ўзбекистонда театр санъати равнақига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишда давом этди. Ўзбекистондаги энг машҳур театр режиссёрларидан бири— А.Гинзбург 1959 йилда "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони билан тақдирланди. Александр Осипович Гинзбург 1973 йилда вафот этди.

  • Категория :
  • Дата :16-12-2020, 15:13