ТОШХЎЖА ХЎЖАЕВ
ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1922-1975)
(1922-1975)
Таниқли театр режиссёри ва актёри Тошхўжа Хўжаев 1922 йилда Тошкентда туғилган. У 1951 йилда А.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатган. Тошхўжа Хўжаев 1950—1960 йилларда Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театрида режиссёр, бош режиссёр, 1957—1970 йилларда А.Островский номидаги Тошкент театр ва рас¬сомлик санъати институтида педагог сифатида фаолият кўрсатпан. 1970—1975 йилларда "Ўзбекфильм"да актёрлар студиясига раҳбар вазифасида ишлайди. Бир қанча фильмларда роллар ижро этади. Тошхўжа Хўжаев илк бор Мольернинг "Скапеннинг найранглари" асарини саҳналаштиради. Сўнгра А.Қаҳҳорнинг "Шоҳи сўзана" (А.Гинзбург билан ҳамкорликда), Б.Раҳмоновнинг "Юрак сирлари", А.Штейннинг "Шахсий иш", Ойбекнинг "Қутлуғ қон" (инсценировка муаллифи Т.Хўжаев), Э.Воҳидовнинг "Олтин девор", Уйғуннинг "Ҳуррият" каби ўттизга яқин спектаклларга режиссёрлик қилади. Бу спектаклларда замонавий режиссурага хос ўта аниқлик, ҳар бир деталь ва хатти-ҳаракатни реалистик символ даражасига кўтариш услубини кўрамиз. Т.Хўжаевнинг Ҳамза театрида саҳналаштирилган бирорта спектаклидан томошабин ранжиган эмас, аксинча уни ҳамиша самимий кутиб олган. Чунки драматик асарга (агар у яхши ёзилган бўлса) саҳнада ҳаёт бағишловчи ҳам, актёрлар салоҳиятига мос роллар танлаб, уларни кашф этувчи ҳам режиссёр истеъдодидир. Шунингдек, кўп актёрларни кенг жамоатчиликка яқиндан танитишда ҳам Т.Хўжаевнинг хизматлари беқиёс бўлган. Аксарият актёрларнинг Т.Хўжаевни устозим дея тилдан туширмасликларининг боиси ҳам шунда. Т.Азизов, Т.Хонтўраев, Т.Юсупова, Т.Тожиев ва З.Солиева Т.Хўжаевнинг шогирдларидир. "Мен Шариф Қаюмов, Александр Гинзбург, Тошхўжа Хўжаев, Шукур Бурҳонов, Саъдихон Табибуллаев каби устоз санъаткорлардан кўп нарса ўрганганман",—дейди Ўзбекистон халқ артисти Тўлқин Тожиев. Тошхўжа Хўжаев фақат Ҳамза театридагина эмас, балки республикамизнинг турли театрларида ҳамда чет эл мамлакатларида бир неча спектаклларни саҳналаштирган. У М.Горь¬кий номидаги Тошкент Давлат рус академик драма театрида Нозим Ҳикматнинг "Байрамнинг биринчи куни", Муқимий номидаги мусиқали драма ва комедия театрида А.Бобожон қаламига мансуб "Ғазал фожиаси" ва бошқа спектаклларни саҳнага қўяди. Т.Хўжаев Ч.Айтматовнинг "Сарвиқомат дилбарим" асарини Татаристон театрида муваффақиятли саҳналаштиргани учун 1966 йилда Абдулла Тўқай номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган. Т.Хўжаев ўзи саҳнага қўйган бир неча спектаклларда қатор образлар ҳам яратган эди. Тошхўжа Хўжаев режиссёрлик ва актёрликни педагогик фаолият билан моҳирона боғлаб олиб борган иқтидорли устоздир. У кўп йиллар Тошкент театр ва рассомлик санъати институтида педагоглик қилиб, истеъдодли театр ва кино актёрларини тарбиялаб вояга етказди. Таниқли режиссёр, актёр ва педагог Тошхўжа Хўжаев фаолияти муносиб тақдирланди. 1959 йилда унга "Ўзбекис¬тан халқ артисти" фахрий унвони берилди. 1970 йилда Рес¬публика Давлат мукофотига сазовор бўлди. Тошхўжа Хўжаев 1975 йилда Тошкентда вафот этди. Тошхўжа Хўжаев Ҳамза ва бошқа театрлар саҳнасида "Юрак сирлари", "Қутлуғ қон", "Олтин девор", "Йўлчи юлдуз", "Сарвиқомат дилбарим" каби қатор спектаклларни моҳирона саҳналаштирган профессионал театр режиссёри сифатида ўзбек театри тарихида муносиб ўрин тутади.