БАХОДИР ЙЎЛДОШЕВ
ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1945)
(1945)
Театр режиссёри Баҳодир Йўлдошев 1945 йилда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон шаҳрида санъаткорлар оиласида туғилган. У 1970 йилда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатади. 1970—1971 йилларда армия сафида хизмат қилади. 1971—1974 йилларда Ҳамза номидаги Ўзбек академик драма театрида режиссёр, 1974—1984 йилларда бош режиссёр бўлиб хизмат қилади. Ўзбек театрига янгиликлар киритиш, уни янада юксалтириш нияти билан иш бошлаган Баҳодир Йўлдошев Шиллернинг "Қароқчилар", Л.Толстойнинг "Тирик мурда", Уйғуннинг "Абу Али ибн Сино", "Беруний", "Зебуннисо", С.Аҳмаднинг "Келинлар қўзғолони", П.Қодировнинг "Юлдузли тунлар" асарларини саҳнага қўйиб, маданий жамоатчилик назарига тушди. Б.Йўлдошев 1984 йилдан бошлаб Аброр Ҳидоятов номли Ўзбек Давлат драма театрида бадиий раҳбар сифатида фаолиятини давом эттиради. Бу театрда у "Майсаранинг иши", "Фармонбиби аразлади", "Паранжи сирлари", "Қора камар", "Зиёфат", "Искандар", "Фиридун", "Нодирабегим", "Ипак йўли" каби асарларни саҳналаштиради. Бу спектакллар матбуотда ижобий баҳоланиб, уларнинг кўпчилиги Халқаро ва Ўзбеки¬стан театр фестивалларининг мукофотлари билан тақдирланди. Б.Йўлдошев Аброр Ҳидоятов номли театрда ишлаш жараёнидаги ижодий изланишларини театрга янги драматик кучларни жалб этиш, замонавий саҳна шаклларидан меъёрида фойдаланиш йўли билан давом эттирди. Режиссёр "Ипак йўли" спектаклини саҳнага қўяр экан, "сўзсиз театр" воситаларидан унумли фойдаланиб, уни поэтик қисса шаклида талқин этди. Истеъдодли театр рассоми Г.Бримнинг ажойиб декорациялари, режиссёрнинг мизансаҳналари, бастакор М.Бафоевнинг ёқимли мусиқаси, актёрларнинг ўз ролларини моҳирона ижро этишлари "Ипак йўли" спектаклининг бади¬ий қимматини оширган. Б.Йўлдошев Лаос, Туркия, АҚШ, Франция каби мамлакатларда ҳам спектакллар қўйиб, ўзбек театр санъатини дунёга танитаётган режиссёрлардан ҳисобланади. Унинг кўпчиликка ярқ этиб танилишида К.Яшин, Б.Привалов, Ш.Аббосовларнинг "Оловли йўллар" кўп серияли телефильмидаги Олчинбек образи ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. Олчинбек қиёфасида актёр иккиюзламачи, сотқин ва мунофиқ инсоннинг типик образини яратди. Шундай катта муваффақиятдан руҳланган санъаткор кейинчалик бирин-кетин ўттизга яқин ба¬диий фильмларда роллар ижро этди. Серғайрат ва тиниб-тинчимас ижодкор санъатда ўз ўрни, ўз ижодий юзига ва мактабига эга бўлганда ҳам, маълум чўққини эгаллаб устоз даражасига кўтарилганда ҳам доноларнинг "Устоз отангдан улуғ" деган ҳикматига амал қилиб, унга биринчи сабоқ берган ва санъат йўлига етаклаган устозларнинг ҳурматини ҳамон жойига қўйиб келмоқда. Бу ибрат олса арзийдиган инсоний фазилатдир. "Тошхўжа Хўжаевнинг шогирдларидан бири, Ўзбекистан халқ артисти Баҳодир Йўлдошев республикамиз ташқарисида ҳам кенг танилган машҳур режиссёрлардан бирига айланди, — дейди Зикир Муҳаммаджонов. — Бугун унинг театр санъатида ўз ўрни, ўз мактаби бор. Баҳодир ҳамон ўз устозини миннатдорлик билан эслайди. Аброр Ҳидоятов номидаги театрда бўлар эканман, Баҳодирнинг хонасидаги Тошхўжа Хўжаев суратига кўзим тушади. Тошхўжа Хўжаев кўпинча бизларга: "Ҳар кимнинг дилида ҳеч кимга айтмайдиган сирлари ҳам бўлади", дер эди. Эшитишимча, Баҳодир Йўлдошев бир тумор тақиб юрар экан ва ўша тумор ичида устози Тошхўжа Хўжаевнинг маънодор боқиб турган сиймоси бор экан. Мана, шогирднинг устозига эҳтироми". Б.Йўлдошев мустақиллик йилларида замон талабига мос янги-янги спектаклларни саҳналаштириш билан айни пайтда "Шарқ тароналари" Халқаро мусиқа фестивали, Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги ва Наврўз байрамларига бағишланган тадбирлар, таниқли шоир ва олимларнинг юбилей тантаналари, Бухоро шахрининг 2500 йиллик тўйига бағишланган театрлаштирилган томошаларнинг бош режиссёри сифатида маданий жараёнда фаол иштирок этмоқда. Баҳодир Йўлдошев "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони билан тақдирланди. Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлди. 1998 йилда "Меҳнат шуҳрати" ордени билан мукофотланди.