ВОХИД КОДИРОВ

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1925-1992)
Й.Охунбобоев номидаги Республика Ёш томошабинлар театри актёри Воҳид Қодиров 1925 йилда Тошкентда туғилган. А.Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомлик санъати (ҳозирги М.Уйғур номидаги Тошкент Давлат санъат институтининг актёрлик факультетини тугатган. В.Қодиров меҳнат фаолиятини уруш йилларида Тошкент авиация заводида ишчи сифатида бошлаган эди. Заводдаги драма тўгарагига фаол қатнашиб, катта-кичик ролларни ижро этди. Институтни тугатгач, Республика Ёш томошабинлар театрига ишга кириб, умрининг охиригача шу театрда ўзи севган соҳада ҳалол ва садоқат би¬лан ижод қилди. Ёшларни юксак маънавий идеаллар руҳида тарбиялашда, уларни билим ва маърифатга чорлашда ўз ҳиссасини қўшди. 1948 йилда Ёш томошабинлар театрида А.О.Гинзбург А.Н.Островскийнинг "Пўлат қандай тобланди" асарини саҳналаштиради. Спектаклдаги Климка роли ёш актёр В.Қодировга топширилади. Бу унинг шу театр саҳрасида яратган би¬ринчи образи эди. Шундан кейин у театрда қўйилган қатор спектаклларда роллар ижро этиб, томошабинлар назарига тушади. В.Қодировнинг Мистер Томас (В.Любимов, "Оппоғим"), Чиранчоқ қуёнча (С.Михалков, "Чиранчоқ қуёнча"), Трофим Морозов (В.Губарев, "Павлик Морозов"), Журжон Ҳокими (Ҳ.Олимжон, "Ойгул билан Бахтиёр"), Мансур (И.Аҳмедов, О.Толипов, "Ким айбдор"), Ҳусан (Б.Раҳмонов, "Мардлар қиссаси"), Қовоқвой (П.Мўмин, "Қовоқвой ва Чаноқвой"), Тўрабек (А.Раҳматов, "Абдулла Набиев"), Конфетвой (П.Мўмин, "Суқатой ва Конфетвой"), Проценко (А. Фадеев, "Ёш гвардия"), қози (Ю.Азиззода, "Ёш Насриддиннинг саргузаштлари"), Сарибой (Ғ.Ғулом, "Шум бола"), Икром (Алп Жамол, "Меҳрибонлар") каби образлар фақат актёр ижодидагина эмас, балки Ёш томошабинлар театрининг ижодий камолотида ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлди. В.Қодиров режиссёр сифатида ҳам фаолият кўрсатиб, Ёш томошабинлар театрида 60—70 йилларда Эсон Раҳимовнинг "Тайёрга айёр", Пўлат Мўминнинг "Суқатой ва Конфетаой", АлпЖамолнинг "Меҳрибонлар" каби асарларини саҳнага қўйган. В.Қодиров яратган кўпчилик образлар ўзига хос характерга, хусусиятга эга. Бу ҳолат унинг томошабинлар орасида уста ижодкор сифатида ном қозонишига асос бўлган омиллардандар. Актёр талқинидаги Акром, Яшка, Татарин, Эрнест, Карл Ригер, Данилюк каби образларда мардлик, ватанпарварлик, гуманизм сингари ижобий фазилатлар ўз аксини топтан бўлса, Ҳусан, Тўрабек, Каширин, Сарибой образларида эса салбий хусусиятлар ифода этилади. В.Қодиров драматик, комик, сатирик ва эртак жанридаги ролларни ниҳоятда моҳирлик билан ижро этар, ўз йўли ва ижро услубига эга бўлган санъаткор эди. Бу ўринда унинг театр ва кинода яратган Ғ.Ғуломнинг "Шум бола" асаридаги Сарибой образи ибратлидир. Актёрни кенг томошабинлар орасида жуда машҳур қилиб юборган ҳам Сарибойга ўхшаш образлар бўлди. Театрда яратилган Сарибой образи кино ходимларига манзур бўлганлиги сабабли 1977 йилда уни "Шум бола" бадиий фильмида ҳам шу ролни ўйнашга таклиф этишади. Худди саҳнада бўлганидек кинода ҳам В.Қодиров Сарибой образини қиёмига етказиб ижро этади. Очкўз, хасис, мулкка ҳирс қўйган Сарибой табиатидаги барча хусусиятларни ёрқин кўрсатади. Шунингдек, у кинода яна "Мафтунингман" фильмида Пардозчи, "Осиё устида бўрон"да Амалдор, "Чинор остидаги дуэл"да милиционер, "Акмал — Аждаҳо"да Хон ва бошқа образларни яратади. "Ўзбекфильм" киностудиясида ўзбек тилига дубляж қилинган қатор бадиий фильмларга овоз бериб, бу мураккаб ва масъулиятли санъатга ҳам ўз ҳиссасини қўшади. В.Қодиров ижоди ҳақида гап борганда унинг Ўзбекистон телевидениесидаги сермаҳсул фаолиятини эсламаслик мумкин эмас. Ўз даврида Республикамиз телевидениесида болалар ва ёшларга бағишланган бирорта спектакль йўқ эдики, унда В.Қодиров иштирок этмаган, бирор асосий ролни ўйнаб, телетомошабинларни лол қолдирмаган бўлсин. Актёрни халқимизга яқиндан танитишда телевидениенинг ўрни ниҳоятда катта бўлди. Сермаҳсул ва серқирра санъаткор В.Қодировнинг ижоди муносиб тақдирланди. У "Ўзбекистон халқ артисти", "Республика халқ маорифи аълочиси" унвонларига сазовор бўлди. В.Қодиров 1992 йилда Тошкентда вафот этди.