КУДРАТ ХЎЖАЕВ

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1911-1981)
Истеъдодли театр ва кино актёри Қудрат Хўжаев 1911 йилда Тошкентда туғилиб, 1936 йилда Москва Давлат театр санъати институтини тугатган. Уруш қатнашчиси Қудрат Хўжаев 1929 йилдан Ишчи ёшлар театрида, 1936—1941 йиллар¬да ва яна 1962 йилдан то умрининг охиригача Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик драма театри (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри)да етакчи актёр сифатида фаолият кўрсатди. 1941—1942 йилларда Қудрат Хўжаев республиканинг кўпгина театрларида режиссёр, бош режиссёр бўлиб ишлади. Фитратнинг "Арслон" спектаклидаги Имом роли Қудрат Хўжаевнинг театр саҳнасида яратган биринчи образидир. Шундан кейин у Франц (Шиллер, "Қароқчилар"), Лаэрт (В.Шекспир, "Ҳамлет"), Кассио ("Отелло"), Қори ака (А.Қаҳҳор, "Тобутдан товуш"), Санжаров (И.Султон, "Имон"), Саидхон (С.Азимов, "Қонли сароб") каби 80 дан ортиқ ёрқин, ҳаётий ва ранг-баранг образлар яратди. Асосан салбий характерлар яратишнинг моҳир устаси бўлган Қудрат Хўжаев ўз қаҳрамонининг ички дунёсини очишда ўзига хос юз ифодаси, қўл ҳаракатларидан ниҳоятда усталик билан фойдаланар эди. У қаҳрамоннинг жирканч қиёфасини, маънавий тубанлигини жуда ишончли тарзда намоён эта оларди. Актёр яратган И.Султоннинг "Имон" драмасидаги Санжаров сотқин ва ҳасадгўй, кўнгли қора ва манфаатпараст, сурбет ва мол-дунёга ҳирс қўйган, одамлардан ўч олишга интилган шахсдир. С.Азимовнинг "Қонли сароб" асаридаги Саидхон эса сиртдан қараганда жуда олижаноб бўлиб кўринса-да, аслида маънавий тубан, ҳар қандай жирканч ишдан қайтмайдиган разил шахс. Актёр ижросида ҳар иккала образ бор хусусиятлари билан тўлақонли очиб берилган. Қудрат Хўжаев Хуршиднинг "Фарҳод ва Ширин", А.Островскийнинг "Момақалдироқ" асарларини муваффақиятли равишда саҳнага қўйган режиссёр ҳам эди. Қудрат Хўжаевнинг серқирра ва сермазмун ижодини кино санъатисиз тасаввур қилиш қийин. Унинг Наргиз ("Алишер Навоий"), Назирий ("Ҳамза"), Нақшинбий ("Икки дил достони"), Ҳаким ("Бой ила хизматчи") ва бошқа образлари характерлидир. Шу ўринда Қудрат Хўжаевнинг "Абу Али Ибн Сино", "Ёр-ёр"фильмларидаги иштирокини ҳам алоҳида таъкидлаш зарур. Саҳнада ҳам, кинода ҳам ўз ўрни ва овозига эга бўлган Қудрат Хўжаев худди спектакллардагидек кинофильмларда ҳам салбий ролларни катта маҳорат билан ижро этган. "Роль актёрга эмас, актёр ролга таъсир кўрсатиши керак, деб ўйлайман. Раҳматли Қудрат Хўжаев салбий ролларни шу қадар қийиб юборар эдики, натижада томошабин ҳам лол қоларди," — деб Эркли Маликбоева бежиз айтмаган. Қудрат Хўжаевнинг ўзбек театр ва кино санъатига қўшган ҳиссаси муносиб тақдирланди. 1956 йилда унга "Ўзбекистон халқ артисти" фахрий унвони беридди. Қудрат Хўжаев 1981 йилда Тошкентда вафот этди.