• Манзил: Тошкент шаҳри, Навоий ко'часи, 34.

  • Боғланиш: (+99871) 244-32-93
    milliy.teatr@mail.ru

ТУРСУНОЙ САИДАЗИМОВА

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1911-1928)

 Ёрқин истеъдод эгаси ўзбек хотин-қизлари озодлиги учун кураш қурбони бўлган Турсуной Саидазимова 1911 йилда Тошкентда туғилган эди. У 1925—1927 йилларда Москвадаги Ўзбек драма студиясида ўқиган. У 1927 йилдан бошлаб, то умрининг охиригача Ўзбек Давлат драма труппаси (Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат академик театри)да актриса сифатида қизғин фаолият кўрсатган. Ёш актриса 1927—1928 йиллар мобайнида Мария Антоновна (Н.Гоголь, "Ревизор"), Турандот (К.Гоцци, "Маликаи Турандот"), Клариче (К.Гольдони, "Икки бойга бир малай"), Ҳалима (Ғ.Зафарий, "Ҳалима") каби бош ролларни ижро этиб, аста-секин назарга тушиб, театр санъатида ўз ўрнини топаёттан эди. Шундай бир пайтда, у реакцион кучлар томонидан ваҳшиёна ўлдирилади. Турсуной Саидазимова олижаноб инсон сифатида ўз сафдошларига ғамхўр бўлиб, улардан ёрдамини ҳеч аямасди. Бу ҳақда Ҳалима Носирова шундай эслайди: "Менинг опера артисти бўлишимни дастлабки ўзбек актрисаларидан бири, ноёб истеъдод соҳибаси, санъат йўлида барвақт шаҳид кетган Турсуной Саидазимова башорат қилган эдилар. 1926 йилда Бокудан Тошкентга таътилга келган вақтимда Турсуной Саидазимова билан танишдим ва яқин дўст бўлиб қолдик. Ўшандаги суҳбатларимиздан бирида мен у кишига ўзимнинг энг яхши кўрган ашулаларимдан бирини айтиб берганимда берилиб тингладилар ва "Сен ашула айтишга ўқишинг керак. Сендан опера артисткаси чиқади, ажойиб овозинг бор," — дедилар. Шу кишининг маслаҳати туфайли 1934 йили Москва консерваторияси қошидаги ўзбек опера студиясида ўқидим. Алишер Навоий номидаги опера ва балет театри ишга тушгач, 1939 йили шу театр саҳнасида биринчи бўлиб М.Ашрафий ва С.Василенконинг "Бўрон" операсида Норгул образини яратдим. Кейин эса Глиэр ва Т.Содиқовнинг "Лайли ва Мажнун" операсида Лайли партиясини талқин этдим. Ижро этиш маҳоратим юқори баҳоланиб, Давлат мукофотига сазовор бўлдим". Т.Саидазимова ҳақидаги шундай илиқ гапларни бошқа санъаткорлар ҳам айтганлар. Турсуной Саидазимова атиги 17 йил умр кўрди, ўзини санъат йўлига бағишлагани, озодликка интилгани учун курбон бўлди. У 1928 йил 19 майда Бухоро шаҳрида ваҳшиёна ўлдирилди. Турсунойнинг фожиали ўлими санъат аҳлининг қалбини ларзага келтирди. Муҳиддин Қориёқубов Турсуной ўлдирилганда шундай деган экан:" Душманлар қўйишмаяпти. Майли, битта шаҳид кетган Турсунойнинг ўрнига юзтасини тайёрлайман". Ҳа, Турсунойнинг ишини Ҳалима Носирова, Сора Эшонтўраева, Гавҳар Раҳимова ва бошқа ўнлаб санъаткорлар давом эттирдилар. Муҳиддин Кориёқубовнинг шогирдларидан бири Гавҳар Раҳимованинг ўзи 25 дан ортиқ даста тузди. Ҳамза Турсуной Саидазимова ўлими муносабати билан "Турсуной марсияси" шеърини ёзди.

  • Категория :
  • Дата :7-11-2015, 12:54