ОЛИМ ХЎЖАЕВ

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1910-1977)
Машҳур ўзбек актёри, режиссёр ва давлат арбоби Олим Хўжаев 1910 йилда Бухорода туғилган. У 1929 йили Бухородаги маориф билим юртини тугатгач, Ҳамза номидаги Ўзбек Давлат (ҳозирги Ўзбекистон Миллий) академик драма театрида актёр сифатида ўз меҳнат фаолиятини бошлаб, Калаф (К.Гоцци, "Маликаи Турандот"), Номозов (З.Фатхуллин "Сотқинлар") каби образларни яратди. Тиниб тинчимас, ғайратли, ўз устида ишлашдан чарчамайдиган актёр ижодининг бу дастлабки лавҳалари унинг келгусида яратиши мумкин бўлган етук образларига маълум тайёргарлик вазифасини ўтади. О.Хўжаевнинг кенг маданий жамоатчиликка ярқ этиб танилишида В.Шекспирнинг "Ҳамлет" трагедиясидаги Ҳамлет образи муҳим аҳамиятга эга бўлди. 1935 йилда Ҳамза театрида М.Уйғур томонидан саҳналаштирилган бу асарда дастлаб Хамлет образини моҳирона ижро этиб, томошабинларни ўзига мафтун этган устоз санъаткор Аброр Ҳидоятов бўлди. Аброр акадан кейин бу ролни ижро этиш Алишер Навоий айтганидек, "Низомий панжасига панжа урмоқ"дек масъулиятли вазифа эди. Лекин, О.Хўжаев бу қийин имтиҳондан муваффақиятли ўтди. Актёр талқинидаги Ҳамлет адолат, ҳақиқат, поклик ва ҳалолликнинг рамзи сифатида гавдаланди. Санъаткор ўттиз йил давомида Ҳамлет образини қиёмига етказиб ижро этиб, катта ижодий ютуққа эришди. Сўнгра, О.Хўжаев К.Яшин, А.Умарийларнинг драмаси асосида саҳна юзини кўрган "Ҳамза" спектаклида Ҳамза ро¬лини моҳирлик билан ижро этиб, Ҳамлет образидаги биринчи муваффақиятини янада мустаҳкамлади. У "Ҳамза" спек¬такли ва 1960 йилда кинорежиссёр З.Собитов суратта олган "Ҳамза" бадиий фильмида шоирнинг ташқи қиёфаси, серғайрат ҳаракатларини, тоза қалби ва шоирона табиатини томошабинга аниқ етказа олди. Театрда ва экранда Ҳамзани маърифатпарвар, гуманист ижодкор сифатида талқин қилди. Уйғун ва Иззат Султоннинг машҳур "Алишер Навоий" шеърий драмаси 1941 йили ёзилиб, 1945 йилда Ҳамза театрида М.Уйғур томонидан саҳнага қўйилдаи. Композитор М.Бурҳонов спектаклга мусиқа ёзди. Алишер Навоий роли Аброр Ҳидоятов ва Олим Хўжаевга топширилди. Асарда "Енгур зулматни нур албатта, шаксиз" деган асосий фалсафий ғоя На¬воий образининг марказий нуқтасини, шоир идеали ва фалсафасининг асосини, умуман, асар ҳаракатининг бошқарув ўқини ташкил қилади. Шоир образининг марказий нуқтаси — унинг гуманизмини чуқур ҳис этган ва ўзининг ижодий шууридан ўтказган актёр Алишер Навоийни буюк мутафаккир, талантли шоир, етук давлат ва жамоат арбоби, ўз севгисига садоқатли инсон сифатида гавдалантирди. Алишер Навоийдек буюк зотни гўзал ташқи қиёфа, ёқимли ва майин овозга эга бўлган пок зиёли санъаткор томонидан саҳнада жонлантирилиши томошабинларни ўзига мафтун этди. Улар саҳнада тирик Алишер Навоийни кўргандек бўлдилар ва Али¬шер Навоий деб Олим Хўжаевни танидилар. Алишер Навоий образи актёрга жуда катта шуҳрат келтирди. У шоир образини 25 йил давомида узлуксиз ўйнади. О.Хўжаев вафотидан кейин асар бир неча бор қайта тикланди. Янги-янги актёрлар Али¬шер Навоий образини ижро этишди. Аммо, улар яратган Алишер Навоий образини Олим Хўжаев Навоийсига асло тенглаштириб бўлмайди "Олим Хўжаев лирик ва драматик актёр эди, — деб ҳикоя қилади Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуджон Ғофуров. — Олим Хўжаевдаги гўзал ташқи қиёфа ва юксак маданият, тўла маънодаги зиёлилик сифатлари чуқур фалсафий ролларни ўйнашда жуда қўл келган. Бу жиҳатдан у ижро этган Алишер Наво¬ий ва Ҳамлет образлари мени ўзига мафтун этган эди. Алишер Навоийдек буюк шоир ва гуманист инсон образини фақат Олим Хўжаев яратиши мумкин эди. Шунинг учун мен Алишер Навоий ролида Олим Хўжаевдан бошқа актёрни қабул қила олмайман. Театр саҳнасида Алишер Навоий образини яратишда Олим Хўжаев бетакрор санъаткор эди. Мана Ҳамлетни олинг. У чуқур фалсафий мушоҳадаларга бой, фикрлаш доираси катта шахс, йирик инсон. Бу образни яратишда ҳам Олим Хўжаев шахсиятидаги лирик ва драматик ҳамда фожиавий ролларни ижро этишга мойиллик ҳолатлари жуда қўл келган. Шунинг учун мен Аброр Ҳидоятов ва Олим Хўжаевларни саҳнада кўриш, уларни образ яратишдаги ўзларига хос фазилатларини идрок этиш учун Ҳамза театрига тез-тез бориб турар эдим". О.Хўжаев 50-йилларда Карл Моор (Ф.Шиллер, "Қароқчилар"), Нолинакха (Р.Тагор , А.Гинзбург, "Ганг дарёсининг қизи"), Астров (А.Чехов, "Ваня тоға"), Саттор (Б.Раҳмонов, "Юрак сирлари") образларини яратди. 1960 йилда Ҳамза театрида саҳналаштирилган драматург Иззат Султоннинг "Имон" спектаклидаги профессор Йўлдош Комилов образи санъаткор ижросида бадиий етуклиги билан ажралиб туради. Актёр Йўлдош Комилов тимсолида замонамизнинг энг яхши, энг улуғвор ва энг олийжаноб фазилатларини ўзида мужассамлаштирган кишиларимизнинг образини ёрқин гавдалантирди. О.Хўжаев яратган Полвонов (С.Азимов, "Юлдузлар жамоли"), профессор Содиқ Собирович (Уйғун, "Қотил") образларида ҳам зиёлиларимиздаги эзгу туйғулар, энг яхши инсоний фазилатлар тантанасини тараннум этди. Актёр салбий образларни ҳам маромига етказиб ўйнайдиган санъаткор эди. О.Хўжаев яратган Паратов (Островский, "Сепсиз қиз"), Пётр (Горький, "Мешчанлар"), Солиҳбой (Ҳамза, "Бой ила хизматчи"), Яго (Шекспир, "Огелло"), Юлий Цезарь ("Юлий Цезарь") образлари шулар сирасига киради. Санъаткорга 60-йилларда яна бир бор шуҳрат келтирган образ — бу Қирол Лир (Шекспир, "Қирол Лир") образидир. Актёр Кирол Лир образини юксак маҳорат билан ижро этгани учун 1967 йилда Ўзбекистон Давлат мукофотига сазовор бўлди. Олим Хўжаев режиссёр сифатида ҳам самарали ижод қилиб, Б.Раҳмоновнинг "Юрак сирлари", Ҳамзанинг "Бой ила хизматчи" ва бошқа спектаклларни саҳналаштирди. Ўзбек кино санъати равнақини О.Хўжаев ижодисиз тасав¬вур қилиш қийин. У кинода яратган ўнлаб ўлмас образлар ўз қадр-қимматини йўқотгани йўқ. Л.Файзиев суратта олган "Улуғбек юлдузи" фильмидаги Хўжа Аҳрор, "Қутлуғ қон" даги Ҳакимбойвачча, З.Собитовнинг "Ҳамза" фильмидаги Ҳамза, "Фидоий"сидаги Шайх Аббос ва бошқа образлар ўзининг бетакрорлиги, эмоционал кучи билан алоҳида ажралиб туради. О.Хўжаев жамоат арбоби сифатида ҳам танилган эди. У 1955—1977 йилларда Ўзбекистон Театр жамиятининг раиси вазифасида ишлади ва умр йўлдоши Ўзбекистон халқ артисти Шоҳида Маъзумова билан бирга янги-янги образларни яратищди, бир неча спектаклларни ижодий ҳамкорликда саҳналаштиришди. Олим Хўжаев "Ўзбекистон халқ артисти" фах¬рий унвони билан такдирланган. Давлат мукофотларига сазовор бўлган эди. Актёр 1977 йил Москвада вафот этди ва Тошкентда дафн этилди. Ҳозирда Сирдарё мусиқали драма театри, Бухоро маданий оқартув техникуми, Тошкентдаги ўрта мактаб ва кўча Олим Хўжаев номи билан аталади. Лирик, драматик ва фожиавий образлар яратишнинг моҳир устаси, юқори маданият ва асл зиёлилик тимсоли бўлган етук санъаткор ва таниқли жамоат арбоби Олим Хўжаев ўзбек миллий маданияти равнақига катта ҳисса қўшган санъаткор сифатида тарихда ўз ўрнига эгадир. 2000 йилда республикамиз маданий жамоатчилиги Олим Хўжаев таваллуд топган куннинг 90 йиллигини нишонлади.