• Манзил: Тошкент шаҳри, Навоий ко'часи, 34.

  • Боғланиш: (+99871) 244-32-93
    milliy.teatr@mail.ru

ХИКМАТ ЛАТИПОВ

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ АРТИСТИ
(1900-1981)

 Таниқли театр ва кино актёри Ҳикмат Латипов 1900 йилда Бухоро шаҳрида дунёга келди. У 1922—1924 йилларда Бухоро театрида актёр бўлиб ишлаган, 1924—1927 йилларда Мос¬ква драма студиясида таълим олган. Гоццининг "Маликаи Турандот" спектаклидаги Барах Ҳ Латиповнинг театр саҳнасида яратган биринчи образидир. Ҳ. Латипов 1927—1961 йилларда Ҳамза номидаги Ўзбек давлат академик драма театрининг етакчи актёри бўлиб ишлаб, жуда кўп турли табиат ва замонга мансуб қаҳрамонларнинг ҳаётий образларини яратди. Унинг Подколесин (Н.В.Гоголь, "Уйланиш", 1935), Абулмалиҳ (Уйғун ва Иззат Султон, "Алишер Навоий", 1949), Ёрмат (Ойбек, "Қутлуғ қон") каби ўлмас образлари кенг жамоатчилик ўртасида машҳурдир. Бу спектакллардаги актёр ижро этган қаҳрамонлар шахсияти ниҳоятда мураккаб. Ҳикмат Латипов "Алишер Навоий" спектаклида шоирнинг хизматкори Абулмаликнинг даҳо ижодкорга нисбатан садоқати ва юксак эҳтироми, "Қутлуғ қон"да бир умр бойларга ҳалол хизмат қилиб, барака топмаган, косаси оқармаган, умри шу хатога қурбон бўлган Ёрматнинг маънавий фожиасини шундай усталик билан ифода этадики, унинг маҳоратига қойил бўлмай иложимиз қолмайди. Хоҳ кинода, хоҳ театр саҳнасида бўлсин, Ҳикмат Латипов ижро этган ролларнинг кўпчилиги "кичик роллар", санъаткор шундай ролларни улкан маҳорат ва катта жозиба билан яратган. Шунинг учун ҳам у катта истеъдод эгаси, бетақрор театр ва кино актёри сифатида эътироф этилган санъат арбоби эди. Ҳ. Латипов қирқ йил давомида "Ўзбек фильм"да ва бошқа Ҳамдўстлик мамлакатларида яратилган ўнлаб фильмларда суратга тушди. Актёрнинг кинода яратган образдари ҳам тўлақонлилиги, табиийлиги билан ибратлидир. Қишлоқ советининг раиси (А. Усолъцов, "Қасам", 1936), чол (К.Яшин, "Асал", 1940), Ёрмат (Л. Файзиев, "Қутлуғ қон", 1956), Абдужаббор (З. Собитов, "Стадионда учрашамиз", 1961), Латиф ота (И. Аъзамов, "Оппоқ тонг қўшиғи"), Мансур (X. Файзиев, "Кониот ғорининг сири", 1965), Шукур (А. Хамроев, "Лайлак келди, ёз бўлди", 1966), Ғани (Й. Аъзамов, "Сайёд қўнғироғи", 1967), Сайд Обид (Л. Файзиев, "Улуғбек юлдузи", 1964), Ота (Ш. Аббосов, "Севги фожиаси", 1972), Очил бува (З. Собитов, "Чинор", 1974) каби образларнинг ижтимоий моҳиятини актёр чуқур оча билди, ўзи яратгган қаҳрамонларнинг ички олами, руҳиятига кира олди. Ҳ. Латиповнинг ўзбек театр ва кино санъати равнақидаги хизматлари муносиб тақдирланди. 1950 йилда унга "Ўзбекистон халқ артисти" унвони берилди.

  • Категория :
  • Дата :6-11-2015, 15:37